Жаҳон | 12:03 / 24.09.2025
2131
2 дақиқада ўқилади

Швеция мудофаа вазири ҳарбий шароитга тайёргарлик кўришга чақирди

Европаликлар эҳтимолий урушга тайёргарликни кучайтириши ва шунга қараб тафаккурини ўзгартириши керак, деди Пол Йонсон Берлинда.

Пол Йонсон Фото: Fredrik Sandberg/TT/IMAGO

Россия таҳдидини ҳисобга олиб, Европа эҳтимолий қуролли можарога тайёргарликни кучайтириши керак, дейди Швеция мудофаа вазири Пол Йонсон. 23 сентябр, сешанба куни у Берлинда немис ҳамкасби Борис Писториус билан учрашув олдидан: «Биз янги Европа тафаккурига ўтишимиз керак – тинчлик давридаги фикрлашдан уруш вақтига тайёрланишга», деди.

Йонсон, шунингдек, Россиянинг кенг кўламли қайта қуролланишига ишора қилди, унинг фикрича, у ҳарбий жиҳатдан кучайиб бормоқда ва узоқ масофали қурол ишлаб чиқариш ва электрон урушда сезиларли ютуқларга эришмоқда.

Шу билан бирга, Швеция Мудофаа вазирлиги раҳбари НАТО бўйича барча иттифоқчилар ҳам бир йўналишда ҳаракат қилмаётгани ҳақида огоҳлантирди ва «алянс доирасида мудофаа сармоялари диверсификация қилиниши»ни танқид қилди. 2024 йилда НАТОга қўшилган Швеция мудофаа вазири: «Мен мудофаа инвестицияларининг парчаланишини кўришни истамайман», деб қўшимча қилди.

Йонсоннинг сўзларига кўра, Швеция ва Германия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва мудофаа салоҳиятини биргаликда мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилиши керак. Унинг таъкидлашича, иккала давлат ҳам Россиянинг Украинага қарши уруши ва Болтиқ денгизи минтақасида Россия таҳдиди билан боғлиқ ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид