Жаҳон | 18:17 / 25.09.2025
12913
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон парламенти ўзини ўзи тарқатиб юборди

Бунга парламент ва президентлик сайловлари орасидаги вақт жуда қисқалиги сабаб қилиб кўрсатилди. Қарорни 89 депутатдан 84 нафари ёқлади, ҳеч ким қарши овоз бермади.

Фото: Видеодан кадр

Қирғизистоннинг Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари 24 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда «VII чақириқ Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенешининг ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Депутат Улан Примов ўз маърузасида ташаббуснинг сабабларини - кетма-кет иккита кенг кўламли сайлов кампаниясини ўтказишдаги мураккаблик ва хатарларни санаб ўтди. Унинг эслатишича, режа бўйича 2026 йил ноябр ойида парламент сайловлари, 2027 йил январ ойида эса президентлик сайлови бўлиб ўтиши керак.

Мажлисда қатнашган 89 нафар депутатдан 84 нафари қарорни ёқлади, ҳеч ким қарши овоз бермади.

Шундан сўнг, Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек уулу сўзга чиқиб, ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор парламент томонидан мустақил қабул қилингани ва ташқи босим натижаси эмаслигини айтди. Спикернинг сўзларига кўра, бўлажак янги сайловлар «порахўрликсиз, қўрқитишсиз ва маъмурий аралашувларсиз, шунингдек, адолатли ва очиқ ўтиши» керак.

Янги таркиб сайлангунга қадар Жогорку Кенеш ўз ваколатларини сақлаб қолади ва фавқулодда вазиятларда йиғилиши мумкин бўлади.

Энди Қирғизистон президенти Садир Жапаров беш кун ичида муддатидан олдин сайловларни тасдиқлаши керак.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид