Жаҳон | 23:03 / 26.09.2025
9691
3 дақиқада ўқилади

Олимлар 117 ёшли аёлнинг узоқ умр кўриши сабабларини аниқлади

Тадқиқотчилар фикрича, аёлнинг узоқ умр кўришига генетик ва экологик омилларнинг кенг доираси таъсир кўрсатди.

Фото: Getty images

Дунёдаги энг кекса одамлардан бири Мария Браняснинг соғлиғини синчковлик билан баҳолаш натижасида унинг 117 ёшгача яшашига сабаблардан бири жуда ёш геном экани аниқланди. Бу ҳақда Science Alert хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, унинг баъзи ноёб генетик вариантлари узоқ умр кўриш, иммунитет функцияси, юрак ва мия саломатлиги билан боғлиқ.

Испаниялик олимлар Cell Reports Medicine журналидаги мақолада ушбу кашфиётлардан «инсоннинг қариш биологиясига янгича қараш, соғлом қариш биомаркерлари ва умр кўриш давомийлигини узайтириш учун потенциал стратегияларни таклиф қилиш» учун фойдаланаётганини таъкидлайди.

Қайд этилишича, натижалар Браняс 2024 йилда вафотидан олдин ихтиёрий равишда топширган қон, сўлак, сийдик ва нажас намуналаридан фойдаланишга асосланган.

Барселонадаги Жозеп Каррерас номидаги Лейкемия тадқиқотлари институтининг бир гуруҳ олимлари Браняснинг ҳужайралари унинг хронологик ёшидан анча ёшдек «ҳис қилгани» ёки «ўзини тутганини» айтди. Таъкидланишича, буви ўз ватани Каталониядаги аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлигидан 30 йилдан кўпроққа ошишга муваффақ бўлди.

Ёши ўтиб қолганига қарамай, Браняснинг соғлиғи яхши бўлган. Хусусан, унинг юрак-қон томир тизими аъло даражада эди, шунингдек, яллиғланиш даражаси паст эди.

Бундан ташқари, унинг иммун тизими ва ичак микробиомаси сезиларли даражада ёш гуруҳларга мос келадиган кўрсаткичларга эга эди. 117 ёшли аёлда «ёмон» холестерин ва триглицеридлар даражаси жуда паст ва «яхши» холестерин даражаси жуда юқори бўлган.

Нашрнинг таъкидлашича, бу омиллар унинг аъло даражадаги соғлиғи ва ноодатий узоқ умр кўришини тушунтиришга ёрдам бериши мумкин.

Шуниси эътиборга лойиқ, Браняс интеллектуал, ижтимоий ва жисмоний жиҳатдан фаол ҳаёт кечирган, аммо генетикада ҳам омади келган. Юқори йогурт таркибига эга бўлган Ўртаер денгизи диетаси унинг узоқ умр кўришида маълум рол ўйнаган бўлиши мумкин, аммо генетик ва экологик омилларнинг кенг доираси ҳам таъсир қилган.

Мақолада таъкидланишича, Браняс ноёб шахс бўлса-да, фақат бир кишига бағишланган тадқиқотлар олимлар учун чекланган қийматга эга, чунки уларнинг натижаларини экстраполяция қилиш учун кенг кўламли тадқиқотлар зарур.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид