Жамият | 18:20 / 27.09.2025
7408
5 дақиқада ўқилади

Бир қоғоз билан йўқ қилинган тақдирлар — “Қатлнома”

Тарихимизнинг энг қора кунлари - 1937-1938 йиллар, яъни қатағон даври экани шубҳасиз. Бу йилларда миллатнинг энг зиёли фарзандлари йўқ қилинди. Ўзликни йўқотиш учун қандай тубанликлар бўлса, барчаси амалга оширилди. Халқнинг энг соф инсонлари «халқ душмани» деб эълон қилинди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Улуғларимиз орасида ўзбек адабиётининг юлдузи, жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили Абдулла Қодирий ҳам бор эди.

Бугун «5 дақиқа»да Набижон Боқийнинг ҳужжатли қиссаси - «Қатлнома» ҳақида сўз боради.

Қатағоннинг қора сояси

«Қатлнома» - оддий ҳужжатли қисса эмас. Унда бир пайтлар барчани қўрқитган Давлат хавфсизлиги қўмитаси сейфларида «махфий» деб сақланган жиноят ишлари, шикоят хатлари ва гувоҳлик кўрсатмалари асосида воқеалар қайта тикланади.

Абдулла Қодирийнинг ўғиллари - Масъуд ва Ҳабибулланинг аризалари, уларнинг кўрсатмалари ва замондош ёзувчиларнинг гувоҳликлари орқали Қодирий қисмати очилади.

Ҳар бир ҳужжат орқали катта ҳақиқат юзага чиқади: Қодирийга қўйилган «миллатчи», «аксилинқилобчи» деган айбловлар мутлақо асоссиз бўлгани исботланади.

«Қатлнома»нинг асосий ғояси - адолат ва ҳақиқат учун кураш. Муаллиф ҳужжатлар орқали кўрсатадики, тоталитар тузум инсон тақдирини бир қоғоз билан ҳал қилган, асоссиз айбловлар билан минглаб зиёлиларни йўқ қилган.

Қодирийнинг «айби» эса битта эди: у ҳақиқатни ёзди, халқни уйғотди, миллат ғурурини асарларида жонлантирди. Шунинг учун ҳам уни «миллатчи» деб айблаб, қамадилар ва охир-оқибат отдилар.

Сиз оқловчисиз ёки... қораловчи

Набижон Боқийнинг мақсади - фақат Қодирий тақдирини очиш эмас, балки бутун бир авлод - ўзбек зиёлиларининг йўқотилишига гувоҳ қилишдир.

Муаллиф ўқувчига мурожаат қилади: “Камина ҳужжатларга тилмоч бўлдим; ҳақиқий оқловчи эса - сизсиз, азиз ўқувчи. Лекин, қиличини яланғочлаб турган ҳакам мисоли ҳукм чиқаришга шошилманг: аввал етти марта ўлчанг, бирни кўриб фикр қилинг, бирни кўриб - зикр…”

Бу мурожаат ўқувчини томошабин эмас, балки тарихий жараённинг иштирокчисига айлантиради.

Қўрқув ва ёлғон

Асарда лагерлар ҳаёти, одамларнинг бедарак йўқолиши ва «халқ душманлари» ҳақида тарқатилган ёлғон хабарлар орқали халқнинг қандай алдангани ҳақида ҳикоя қилинади.

Бир ўринда одамлар кечалари ҳам бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаб ухларди - чунки эрталаб улардан бири бедарак йўқолиб қолиши мумкин эди. Тасаввур қилинг, халқ қўштирноқ ичидаги «халқ душманлари»дан қўрқарди!

Ёки минглаб одамлар митингларда «халқ душманлари»ни лаънатлаб имзо қўйиб, Кремлга юборишарди. Шу тарзда бутун жамият ёлғонга ишонди ва ҳақиқий қотилликка шерик бўлиб қолди.

Тарихни кўмиб юбормоқчи бўлишди

Асарда Қодирийнинг ҳибсдан то қатлгача бўлган йўли ҳам ҳужжатлар асосида ёритилган.

1937 йил 31 декабрь. Абдулла Қодирий ҳибсга олинади. Унга «миллатчи», «аксилинқилобчи» деган асоссиз айбловлар қўйилади.

Сўроқларда унинг ҳар бир асари айб сифатида қўйилади. «Ўткан кунлар»даги миллий ғурур, «Меҳробдан чаён»даги адолат учун кураш - “шўро ҳокимиятига қарши ғоялар” деб баҳоланади.

Суд жараёни қисқа ва расмий ўтади. Қодирий ҳимоя имкониятисиз қолади ва «отувга ҳукм қилинганлар» рўйхатига киритилади.

1938 йил баҳорида у Тошкент яқинидаги махфий қатл майдонида отиб ўлдирилади. Ҳужжатларда аниқ сана ва жой кўрсатилмайди. Гўё тарихнинг ўзи барча изларни йўқотишга ҳаракат қилгандек…

Ҳақиқат абадийдир

«Қатлнома» - тарихнинг қора ва қонли қиёфаси ҳақида гувоҳлик беради. Ҳақиқатнинг устини маълум муддат ёпиб қўйиш мумкин, аммо уни бутунлай йўқотиб бўлмайди.

Абдулла Қодирийнинг номи, асарлари ва руҳи тирик. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» каби асарлари ўзбек халқининг маънавий мероси сифатида яшайди.

«Қатлнома» нафақат Қодирийнинг фожиали тақдири, балки халқнинг ҳам бошидан кечган оғир кунлар ҳақида. У бизга доимо шуни эслатади: жамият қачонки ҳақиқатдан юз ўгирса, ўша пайт зулм ва жиноят авж олади.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.

Исомиддин Пўлатов.