Тарихимизнинг энг қора кунлари - 1937-1938 йиллар, яъни қатағон даври экани шубҳасиз. Бу йилларда миллатнинг энг зиёли фарзандлари йўқ қилинди. Ўзликни йўқотиш учун қандай тубанликлар бўлса, барчаси амалга оширилди. Халқнинг энг соф инсонлари «халқ душмани» деб эълон қилинди.
Улуғларимиз орасида ўзбек адабиётининг юлдузи, жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили Абдулла Қодирий ҳам бор эди.
Бугун «5 дақиқа»да Набижон Боқийнинг ҳужжатли қиссаси - «Қатлнома» ҳақида сўз боради.
Қатағоннинг қора сояси
«Қатлнома» - оддий ҳужжатли қисса эмас. Унда бир пайтлар барчани қўрқитган Давлат хавфсизлиги қўмитаси сейфларида «махфий» деб сақланган жиноят ишлари, шикоят хатлари ва гувоҳлик кўрсатмалари асосида воқеалар қайта тикланади.
Абдулла Қодирийнинг ўғиллари - Масъуд ва Ҳабибулланинг аризалари, уларнинг кўрсатмалари ва замондош ёзувчиларнинг гувоҳликлари орқали Қодирий қисмати очилади.
Ҳар бир ҳужжат орқали катта ҳақиқат юзага чиқади: Қодирийга қўйилган «миллатчи», «аксилинқилобчи» деган айбловлар мутлақо асоссиз бўлгани исботланади.
«Қатлнома»нинг асосий ғояси - адолат ва ҳақиқат учун кураш. Муаллиф ҳужжатлар орқали кўрсатадики, тоталитар тузум инсон тақдирини бир қоғоз билан ҳал қилган, асоссиз айбловлар билан минглаб зиёлиларни йўқ қилган.
Қодирийнинг «айби» эса битта эди: у ҳақиқатни ёзди, халқни уйғотди, миллат ғурурини асарларида жонлантирди. Шунинг учун ҳам уни «миллатчи» деб айблаб, қамадилар ва охир-оқибат отдилар.
Сиз оқловчисиз ёки... қораловчи
Набижон Боқийнинг мақсади - фақат Қодирий тақдирини очиш эмас, балки бутун бир авлод - ўзбек зиёлиларининг йўқотилишига гувоҳ қилишдир.
Муаллиф ўқувчига мурожаат қилади: “Камина ҳужжатларга тилмоч бўлдим; ҳақиқий оқловчи эса - сизсиз, азиз ўқувчи. Лекин, қиличини яланғочлаб турган ҳакам мисоли ҳукм чиқаришга шошилманг: аввал етти марта ўлчанг, бирни кўриб фикр қилинг, бирни кўриб - зикр…”
Бу мурожаат ўқувчини томошабин эмас, балки тарихий жараённинг иштирокчисига айлантиради.
Қўрқув ва ёлғон
Асарда лагерлар ҳаёти, одамларнинг бедарак йўқолиши ва «халқ душманлари» ҳақида тарқатилган ёлғон хабарлар орқали халқнинг қандай алдангани ҳақида ҳикоя қилинади.




