Жаҳон | 21:12 / 28.09.2025
13174
12 дақиқада ўқилади

Тан олинаётган Фаластин, БМТда хушланмаган Нетаняҳу – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 28 сентябр, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта давомида БМТда чиндан тарихий сессия ўтказилди: катта-катта давлатлар Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди, Исроил бош вазири Нетаняҳу сўзга чиқиши билан залдан чиқишда тирбандлик кузатилди. Зеленский Трампдан битта қурол сўраганини айтди. Параллел оламда эса туркманистонлик оқсоқоллар пенсияни оширмасликни подшоҳларидан «ўтиниб сўради». Қуйида ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фаластин тан олинмоқда

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси дунёдаги энг бой, қудратли ва таъсир доираси катта яҳудийлар яшайдиган Ню Йорк шаҳрида Франция, Британия, Канада, Австралия каби катта-катта давлатлар Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олгани бўлди. Шу тариқа БМТга аъзо 193 давлат ичида Фаластинни тан олганлар сони 145 тага етди.

Айниқса Франция ва Британиянинг тан олиши жиддий воқеа, ахир бу икки ядровий давлат БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлмиш беш давлат сирасига киради. Ҳозирча бу йирик давлатлар Фаластинни давлат сифатида тан олгани ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги мумкин, лекин Ғарб лидерлари мусулмон оламининг асрий муаммосига жиддий қарай бошлагани қувонарли ҳолат. Дарвоқе, АҚШ аллақачон Ғарбнинг лидери эмаслиги мана шу эпизодда навбатдаги марта кўринди...

Нетаняҳу жазавада

БМТ Бош ассамблеясида энг хушланмаган одам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бўлди. У доимгидек харита кўтариб минбарга чиқаётганида залдан чиқиб кетишда тирбандлик кузатилди. Делегациялар Исроил бош вазирининг навбатдаги иддаоларини эшитишга тоқат қила олишига ишонмай залдан чиқиб кетишди. Биби деярли бўш залда нутқ сўзлади.

Исроил бош вазири ҳали ташкил этилмаган Фаластин давлатини террор давлати деб атади: «Бизнинг бошимизга террор давлатини олиб келолмайсиз, биз бунга йўл қўймаймиз», деди Нетаняҳу таҳдид оҳангида.

Кейин ўзи билан олиб келган харитасини қўлга олди. Унда Эрон таъсиридаги давлатлар қизил билан белгиланганди. Кейин Нетаняҳу қўлига маркерни олди-да, Яҳё Синвар, Ҳасан Насруллоҳ, хусийчилар лидери, эронлик генераллар ўлдирилган ҳудудларни белгилаб кўрсатди. Агар унинг ёнида Лукашенко бўлганида ҳарбийлар чегаранинг қаеридан ўтганини кўрсатиб берган бўларди балки. Дарвоқе, Нетаняҳу Сурияда Башар Асад ағдарилганини ҳам белгилаб кетди. Бу билан Исроил бош вазири нимага ишора қилганини тушунгандирсиз...

Афтидан, делегациялар залдан чиқиб кетгани Исроил бош вазирига қаттиқ таъсир кўрсатди. У бутун нутқи давомида жазавага тушиб гапирди. Исроил Ғазода геноцид қилаётгани сафсата экани, ҲАМАС одамларни у ердан чиқишига қаршилик қилаётганини айтди. Хуллас, Нетаняҳу БМТ минбаридан туриб бутун дунёга қарши баёнотлар берди.

Дембеле «Олтин тўп» ютди

Ҳафта давомида яхши воқеалар ҳам бўлди. Масалан, Францияда France Football журналининг «Олтин тўп» совринини топшириш маросими ўтказилди. Бош соврин ПСЖ ҳужумчиси Усмон Дембелега насиб қилди. Франциялик футболчи асосий рақобатчиси Ламин Ямални катта фарқ билан ортда қолдирди. Португалиялик Витиня учликка кирди. Муҳаммад Салоҳ сўровнома якунларига кўра тўртинчи, Рафиня бешинчи бўлди. Кўпчиликни ҳайрон қолдиргани «Барселона» футболчиси Педри ўнталикка ҳам кирмагани бўлди.

Лекин бош соврин ҳақли тарзда Дембелега берилди деб ўйлайман. Чунки Усмон Чемпионлар Лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ёрқин ўйин кўрсатди. Одатда кўп жароҳат олиши билан мемлар нишонида бўладиган Дембеле инсон меҳнат қилса, ўзи истаган даражага кўтарилишини навбатдаги марта исботлади.

Қизиғи, Месси ва Роналду даври ўтгач, энди Мбаппе – Ҳоланд даври бошланади деб ўйлагандик. Лекин ҳар мавсум кутилмаган қаҳрамон пайдо бўлмоқда: ўтган мавсумлар Родри, энди Дембеле, кейинги йилдан Ямал асосий даъвогар бўлса керак. Килиан, Эрлинг, отни қамчилаш вақти келди, йигитлар.

Ҳафта интервюси

Ҳафта давомида Украина президенти Володимир Зеленский Американинг Axios нашрига интервю берди. 26 дақиқалик суҳбат давомида Зеленский охирги вақтлардаги муҳим мавзуларда гапирди.

Асосий мавзу табиийки, уруш бўлди. Ва Зеленскийнинг мана шу мавзуда айтган гапи жуда кўп нашрларда хато талқин қилинди. Айниқса рус нашрлари бу борада «жонбозлик кўрсатди». Улар «Зеленский Кремлга зарба беришга тайёрлигини айтди», деган сарлавҳалар билан хабар тарқатишди. Афтидан, русча каналлардаги сарлавҳалар кўпчиликни чалғитган кўринади, жиддий нашрларда ҳам шунақа хабарлар пайдо бўлди.

Мен интервюни тўлиқ кўриб, Зеленский бундай демаганига амин бўлдим. Журналист шундай савол берди: «Россия Украина вазирлар маҳкамаси биносига зара берди, Кремлдагиларга ҳам бомбапанага тушишга тайёр туринг, дея оласизми?» Зеленский шундай жавоб берди: «Авваламбор улар бомбапана қаерда эканини билиши керак. Россия урушни давом эттирар экан, улар барибир керак бўлади».

Кўриб турганингиздек, Зеленский Украина Кремлга зарба беришга тайёрлиги ҳақида гапиргани йўқ. Аввали бу янгилик ҳам эмас, икки йил аввал Киев зарбдор дрон билан Кремл томини нишонга олганди.

Суҳбат давомида Зеленский Трампдан бир қурол сўраганини айтди. Баъзи нашрларга кўра, гап Москвагача учиши мумкин бўлган Tomahawk ракеталари ҳақида бўлиши мумкин. Зеленский унда олис масофага учадиган Америка ракетаси бўлса, ҳеч иккиланмай Россия ичкарисига зарба беришини айтди. Хусусан, «Путинни музокара столига ўтиришга мажбур қиладиган нишонларга зарба беришга тайёрлигини» таъкидлади. Ва мана шу ерда чиндан Кремлга зарбага ишора қилган бўлиши мумкин.

Пентагон генералларни йиғмоқда

Пентагон раҳбари эндиликда АҚШ уруш вазири Пит Ҳегсет 30 сентябр куни мамлакат армиясидаги барча генерал ва адмиралларни Виржиниядаги денгиз пиёда аскарлари базасига йиғишни буюрди. Унда АҚШдаги ва бутун дунёдаги 800 дан ортиқ генерал ва адмираллар иштирок этади. умумий ҳисобда йиғилишда мингдан ортиқ одам қатнашаркан. Америкалик ҳарбий экспертлар бундай миқиёсдаги учрашувни эслай олмаслигини ёзмоқда.

Washington Post манбаларига кўра, Ҳегсет генераллар йиғилишида АҚШ армиясидаги кенг кўламли қисқартириш ва янги миллий мудофаа стратегиясини муҳокама қилиши мумкин. Йиғилишга алоқаси йўқдир, лекин барибир эслатиб қўймоқчиман, яқинда АҚШ мудофаа вазирлиги номи АҚШ уруш вазирлиги деб ўзгартирилганди. Иккинчи жаҳон уруши вақтида Пентагон шундай номланган...

«ҲАМАС бошқарувда бўлмайди»

Фаластин мухторияти лидери Маҳбуд Аббос тузилажак Фаластин давлати бошқарувида ҲАМАСнинг ўрни бўлмаслигини айтди. Аббос ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳларни қуролларни ташлашга чақирди. Маҳбуд Аббоснинг бу чиқиши БМТ Бош ассамблеяси иштирокчиларига мурожаат кўринишида бўлди. «ҲАМАС давлат институтларини бошқаришда ҳеч қандай ролга эга бўлмайди», деди Фаластин етакчиси. У шунингдек, ҲАМАСнинг 7 октябрдаги Исроилга ҳужумини «Фаластин халқини ифодаламайдиган ҳаракат» деб атади. Яъни биз ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини оқламаймиз, деган мазмунда гапирди. «Биз антисемитизмни рад этамиз», деди Аббос.

«Ғарбий соҳил босиб олинмайди»

БМТ Бош ассамблеяси доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп мусулмон давлатлар лидерлари билан учрашув ўтказди. Учрашув ташаббускори Туркия лидери Ражаб Тоййиб Эрдўған бўлди.

Трамп учрашув давомида Исроил Ўрдун дарёсининг Ғарб соҳилини босиб олишига йўл қўймаслигини айтди. «Исроил Ғарбий соҳилни қўшиб олишига йўл қўймайман, бундай бўлмайди. Тўхташ вақти келди, етар», деди Трамп.

Аввалроқ Исроил Ғарбий соҳилни аннексия қилиш режасини эълон қилган, мамлакат парламенти режани қўллаб-қувватлаганди.

Россия солиқни оширмоқда

Қўшниси Украина ерларини босиб олиш учун тўрт йилдан буён урушаётган Россия охирги вақтларда иқтисодий қийинчиликларга дуч келмоқда. Нефт ва газ савдосидан тушаётган фойда камайгани сабаб Путин ҳукумати солиқларни ошириш режасини эълон қилди. Ваҳоланки, Владимир Владимирович 2030 йилгача солиқлар ошмаслигига ваъда берганди.

2026 йилдан бошлаб россияликлар 20 фоиз эмас, 22 фоиз қўшилган қиймат солиғи тўлайдиган бўлди. Россия молия вазирлиги қўшимча тушум мудофаа ва хавфсизлик учун ишлатилишини маълум қилди, яъни урушиш учун пул керак деб очиқ айтди. Иқтисодчиларга кўра, бу чора инфляцияни тезлаштириши мумкин.

«Яшил фирибгарлик»

АҚШ президенти Доналд Трамп БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишида қизиқ мавзуга тўхталди. У иқлим инқирози ҳақида тадқиқотлар, бу учун катта пул сарфланишини «энг катта фирибгарлик» деб атади. «БМТ ва бошқа ташкилотлар кўпинча ёмон ниятда қиладиган бу башоратларнинг барчаси нотўғри бўлиб чиқди. Уларни ўз мамлакатларига қимматга тушган аҳмоқ одамлар ўйлаб топган. Бу яшил фирибгарликдан воз кечмасангиз, мамлакатингиз муваффақиятсизликка учрайди», деди Трамп.

АҚШ президенти навбатдаги марта шамол электр станцияларини танқид қилиб, уни жуда қиммат восита, деди. Ўзи Трамп иқлим ўзгаришига доим шубҳа билан қарайди, у айниқса Европа давлатларига борса, улардаги шамол станцияларини бузиш кераклигини айтиб келади. Трамп иккинчи муддатга киришган куниёқ АҚШ иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиши тўғрисида фармон имзолаганди.

«Меҳрибон Аркадағимиз, пенсиямизни оширманг, илтимос!»

Энди ҳафтанинг энг қизиқ хабарига етиб келдик. Дунё урушларлар, танқидлар, тортишувлар гирдобида жўшиб айланаётган бир даврда параллел оламда фуқаролар давлатдан пенсияларни оширмасликни ўтиниб сўрамоқда. Туркманистон халқ маслаҳати йиғилишида оқсоқол Ёзмурод Отамуродов Туркманистон олий раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедовдан иш ҳақи, нафақа, пенсия, стипендияларни оширмасликни сўради.

Оқсоқол Аркадағга мурожаат қилар экан унинг «бахтли халқ турмуш даражаси ўсаётгани учун қилаётган ишларини» юқори баҳолади. Кейин отахон халқнинг турмуш тарзи яхши экани, шу учун тежалган пулларни бошқа ишлашга сарфлаш мумкинлигини айтди. Меҳрибон Аркадағ бу таклиф учун раҳбат айтди.

2015 йил худди шунақа йиғилишда халқ маслаҳати аъзоси меҳрибон Аркадағига халқ шунчалик яхши яшайдики, газ, сув, электр энергияси учун пул тўлай олишини айтганди. Бу баёнот ортидан Туркманистонда текин бўлган бу имтиёзлар пулли бўлиб кетганди. Маълумот учун, ҳозир Туркманистонда энг кам пенсия 27 долларни ташкил этади.

Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Сизларга саломатлик ва пулингиз кўп бўлишини тилайман. Бизни эшитаётган бўлсангиз, ҳурматли мутасаддилар, халқимизнинг маошини, пенсиясини, стипендиясини ошираверинг, қанча кўп бўлса шунча яхши. Меҳнаткаш халқимизнинг пули кўп, рўзғори бут, музлаткичи тўла бўлсин. Бизнинг ажойиб халқимиз энг яхши ҳаётга муносиб. Омон бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид