Жаҳон | 11:59 / 29.09.2025
2386
2 дақиқада ўқилади

Молдова парламент сайловларида ҳукмрон партия ғалаба қозонди

Молдова Марказий сайлов комиссиясига кўра, ҳукмрон «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси 50,15 фоиз овоз олган. Ватанпарварлар блоки 24 фоиздан сал кўпроқ овоз олди. Сайловчиларнинг деярли 52 фоизи қатнашди.

Фото: AP / Scanpix

Молдованинг ҳукмрон "Ҳаракат ва бирдамлик" партияси (PAS) кеча бўлиб ўтган парламент сайловларида сайлов бюллетенларининг 99,87 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг 50,15 фоиз овоз билан ишончли тарзда етакчилик қилмоқда. Молдова Марказий сайлов комиссияси бу рақамларни 29 сентябр, душанба куни эрталаб эълон қилди.

Энг яқин рақиб – россияпараст Ватанпарварлар блокини сайловчиларнинг 24,19 фоизи қўллаб-қувватлади. "Муқобил" блоки 7,97 фоиз овоз олди. Балци шаҳрининг собиқ мэри Ренато Усатий бошчилигидаги "Бизнинг партия" 6,2 фоиз, европапараст «Демократия уйда» сиёсий кучи эса 5,62 фоиз овоз йиғди.

Ушбу натижалар PAS'га парламентдаги 101 тадан камида 54 та ўринни кафолатлайди. Бу унинг кетаётган парламент таркибидаги 61 ўринга нисбатан мутлақ кўпчиликни сақлаб қолишини таъминлайди.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, овоз беришда сайловчиларнинг 52,1 фоизи иштирок этган. Сайловда 14 партия, тўрт блок ва тўртта мустақил номзод қатнашди. Сайловда 1,6 миллиондан ортиқ киши иштирок этди, жумладан, 264 минг нафари хориждаги сайлов участкаларида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид