Жаҳон | 21:23 / 29.09.2025
36296
2 дақиқада ўқилади

Туркманистоннинг собиқ бош прокурори Қурбонбиби Отажонова қамоқда вафот этди

Туркманбоши Сапармурод Ниёзов даврида кенг кўламли қатағонларни амалга оширган, аммо кейинчалик коррупцияда айбланиб қамалган аёл умрининг сўнгги 19 йилини панжара ортида ўтказди.

Қурбонбиби Отажонова

1997 - 2006 йилларда Туркманистон бош прокурори лавозимида ишлаган 78 ёшли Қурбонбиби Отажонова сентябр ойида Дошўғиз аёллар колониясида вафот этди. Бу ҳақда Туркманистоннинг Хелсинки инсон ҳуқуқлари жамғармасига таяниб Centralasia хабар берди.

Қурбонбиби Отажонова олий юридик маълумотга эга бўлгач, туман прокурори ёрдамчисидан мамлакат бош прокуроригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1997 йил апрел ойида президент Сапармурод Ниёзов уни республика прокуратурасининг энг юқори лавозимига тайинлади.

Таъкидланишича, Отажонова прокуратурага раҳбарлик қилган даврда назорат органини жазо тизимига айлантирди. Туркманбошининг мутлақ ишончига таяниб, кенг кўламли қатағонларни амалга оширди, ҳуқуқ ҳимоячилари буни совет давридаги Ежов ва Берия таъқибларига қиёслади. Айниқса, 2002 йил ноябр ойида Ниёзовга нисбатан амалга ошмаган суиқасддан кейин юзлаб одамлар ҳибсга олинганидан кейин таъқиблар шафқатсиз бўлди.

2006 йил апрелида Отажонова Вазирлар Маҳкамаси мажлислар залида ҳибсга олинди. У коррупцион жиноятларда айбланди - унинг 13 та турар жойи, ғишт заводи, тегирмони, автопарки, олти миллион доллардан ортиқ пули ва бошқа мол-мулки мусодара қилиниб, барча унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум этилди.

2006 йил декабр ойида Отажонова қизи билан бирга Дошўғиз аёллар колониясига ўтказилди. Таъкидланишича, у колонияда «халқ душманлари» қариндошлари учун мўлжалланган алоҳида махсус блокда сақланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид