Жаҳон | 13:36 / 30.09.2025
2654
2 дақиқада ўқилади

Lufthansa 2030 йилгача 4000 ходимни қисқартиришга тайёрланмоқда

Lufthansa иш жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали 4000 та маъмурий лавозимни қисқартирмоқчи.

Фото: AP

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси 2030 йилгача маъмурий функцияларида 4000 нафар ходимни ишдан бўшатишни режалаштирмоқда. Ўзгаришлар иш жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш фонида амалга оширилади, деб хабар қилди компания раҳбарияти 29 сентябр, душанба куни.

Шу билан бирга, Lufthansa операцион фойда кўрсаткичларини тўғрилаб, уларни 8 фоиздан 10 фоизга оширди. Раҳбариятга кўра, жорий йилги операцион фойда ўтган йилги 1,6 миллиард евродан сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Ҳозирда тахминан 103 000 киши ишлайдиган Lufthansa Европадаги энг йирик авиакомпания ҳисобланади. Lufthansa'дан ташқари гуруҳ таркибига Airlines Swiss, Austrian, Brussels Airlines каби авиакомпаниялар киради. Гуруҳ, шунингдек, Италиянинг Ita авиакомпаниясининг оз улушига эга.

Компания ўз авиакомпаниялари ва уларнинг марказлашган бошқаруви ўртасидаги яқин ҳамкорлик орқали даромад ўсишига эришмоқчи. Шунингдек, у Eurowings, логистика, техник хизмат кўрсатиш ва мудофаа самолётларини фаол ривожлантиришни режалаштирмоқда. 

Dpa ахборот агентлиги хабарига кўра, концерн акциядорларга фойдасининг 20 фоиздан 40 фоизигача бўлган дивидендларни ваъда қилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид