Соғлом ҳаёт | 13:07 / 30.09.2025
2373
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Телефонда қандай бактериялар яшайди?

Смартфон ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган — у қўлимизда, сумкамизда, чўнтагимизда, ишхонада ва ҳатто ётоқхонада ҳам бизни тарк этмайди. Аммо кўпчилигимиз бир нарсани унутамиз: телефон фақат алоқа воситаси эмас, кўзга кўринмас микроблар учун шинамгина “уй” ҳамдир.

Фото: AP

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, смартфон юзасида ҳожатхона ўриндиғидан ҳам кўпроқ бактерия тўпланиши мумкин.

Телефонимиз билан кун давомида жуда кўп нарсага тегамиз: эшик тутқичи, жамоат транспорти, пул, стол ва бошқа буюмлар. Шундан кейин қўлни ювмасдан гаджетга қўл теккизиш орқали бактерияларни осонгина кўчириб оламиз.

Мутахассислар аниқлашича, смартфонларда стафилококк, ичак таёқчаси (Э.cоли), салмонелла каби турли микроорганизмлар учрайди. Улар инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради: диарея, нафас йўллари инфекциялари, тери муаммолари, ҳатто аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин.

Яна бир хавфли жиҳати шундаки, телефондаги бактериялар тезда кўпаяди. Масалан, илиқ муҳит ва доимий қўл тегиши микроблар учун қулай шароит яратади. Натижада улар юзада узоқ вақт сақланиб қолади. Айниқса, кўчада овқат ейишдан олдин ёки ётоқда ётиб телефондан фойдаланиш орқали микроблар оғиз ва бурун орқали организмга осон кириб боради.

Шу боис, мутахассислар смартфонни мунтазам дезинфекция қилишни маслаҳат беради. Телефон юзасини махсус антибактериал салфетка ёки спиртли эритма билан артинг, овқатланиш вақтида телефондан фойдаланманг, ётишдан олдин эса уни ётоқхонага олиб кирмасликка одатланинг. Энг муҳими – қўлни тез-тез ювиб туришни унутманг!

Мавзуга оид