Аёллар дунёси | 18:04 / 30.09.2025
2366
4 дақиқада ўқилади

Токсик муносабатлар: уни қандай тан олиш ва чиқиб кетиш мумкин?

Фото: Freepik

Ишонч, ҳурмат ва эмпатияга асосланган муносабатлар ҳар қандай жуфтликнинг барқарорлигига пойдевор бўлади. Бироқ баъзида муносабатлар шундай шаклга кирадики, инсон нафақат бахтсиз, балки ўзлигини йўқота бошлайди. Бундай ҳолатни “токсик муносабат” деб аташади. Токсик муносабатлар — бу оддий тортишув ёки бир марталик келишмовчилик эмас. Бу — бир инсон иккинчисига доимий равишда ҳиссий, психологик ёки ҳатто жисмоний босим ўтказадиган узоқ муддатли муносабатлардир. Чунки токсик муносабатда қолиш — оддий “муаммоли жуфтлик” ҳолати эмас, инсон ҳаётини шикастлайдиган, баъзи ҳолларда йўқ қилиб юборувчи жараён. Шу боис, буни эрта англаш, ҳақиқий соғлом муносабат қандай бўлиши кераклигини ўрганиш жуда муҳим.

Хўш, қандай аломатлар токсик муносабатдан дарак беради?

1. Назорат ва чекловлар – масалан телефон паролларингизни сўраш, ким билан учрашишингиз, қаерга боришингиздан то кийиниш услубингизгача назорат қилиш — севги эмас, бу ишончсизлик ва ҳукмронлик аломати.

2. Манипуляция ва айблаш: “Агар мендан кетсанг, мен ўзимни ўлдираман”, “Ҳаммасида сен айбдорсан”, “Менсиз ҳеч кимсан” каби иборалар орқали айбдорлик ҳиссини юклаши.

3. Эмоционал зўравонлик: доимий ҳақоратлар, камситиш, таҳқирлаш, совуқ муносабат ёки аксинча, сунъий меҳр билан алдаш.

5. Қўрқув ҳисси: унинг ёнида сўзингизни очиқ айта олмаслик, танқид қилишдан қўрқиш, жавоб реакциясидан хавфсираш — севгида эмас, қўрқувда яшашдир.

Токсик муносабатдан чиқиш учун аввало инсон ўзига озодлик ва хотиржамлик кераклигини тан олиши керак. Биринчидан, бу муносабат соғлом эмаслигини англаш керак. Муаммолар фақатгина сизнинг “чидашингиз” билан ҳал бўлмайди. Бундай ҳолатда яқинлардан ёрдам сўраш тўғри бўлади. Оила аъзолари, ишончли дўстлар ёки мутахассис (психолог) билан гаплашиш — ички қарорингизни мустаҳкамлайди. Тўғри, бундан чиқиш осон эмас, лекин тўғри режа асосида қилинса уй-жой, иш, молиявий мустақиллик, болалар тарбияси каби жиҳатлар бўйича аниқ режа тузиш мумкин.

Эсда тутиш керакки, агар сиз токсик муносабатларни тузатмасангиз ёки тўхтатмасангиз: руҳий ва жисмоний саломатликни йўқотишингиз, жамиятдан ажралиб қолишингиз мумкин.

Чунки доимий стресс, хавотир, депрессия ва ўз-ўзини айблаш ҳолатлари, ўз-ўзига ишончни йўқотиш, “мен арзимайман” деган фикрнинг шаклланиши вақт ўтиши билан узоқ муддатли психологик касалликларга олиб келиши мумкин.

Доимий асабийлашиш туфайли юрак-қон томир, ошқозон, иммун тизимига зарар етади.

Ижтимоий ҳаётда эса дўстлар ва оила билан алоқалар йўқолади, чунки токсик шерик бундай алоқаларни чеклайди. Молиявий боғлиқлик ва мустақиллик йўқолади.

Энг ёмони бу ҳолатлар фарзандлар тарбияси ва руҳиятига салбий таъсир қилади. Болалар шундай муҳитда ўсса, муносабатларда зўравонликни “норма” деб қабул қилиб улғайиши мумкин, улар руҳий жароҳат, қўрқув, ўзини ифода қила олмайдиган бўлиб улғаяди.

Мавзуга оид