Аёллар дунёси | 16:50 / 02.10.2025
1632
3 дақиқада ўқилади

Кузда аёллар учун энг фойдали косметик муолажалар

Ёз фасли терига нафақат чиройли қизиллик, балки чарчоқ, қуриш ва пигмент доғларини ҳам қолдириши мумкин. Шу сабабдан косметологлар кузни — терини янгилаш ва қишга тайёрлаш учун энг қулай давр сифатида тавсия қилишади.

Фото: Shutterstock

Kun.uz мутахассислар тавсияси асосида аёллар учун кузда энг самарали муолажаларни ва уларнинг нархларини ўрганди.

Сизга қайси муолажа мос?

Кимёвий пилинг (Chemical Peeling): бундай муолажа одатда ёғли, аралаш ва акнега мойил териларга тавсия қилинади. Ёзда қуёш нурлари таъсирида ёки бошқа сабаблар туфайли тушган доғларни йўқотади. Пораларни тозалайди ва тери юзасини янгилайди. Дерматологлар кузни пилинг учун энг хавфсиз фасл эканини таъкидлашади. Чунки қуёш нурлари кучсизроқ бўлади ва терининг қайта тикланишига зарар қилмайди.

Тошкентдаги нархлар ўртача 400–800 минг сўмни ташкил қилади.

Лазерли тозалаш (Laser Resurfacing): ушбу косметик муолажа доғли, майда ажинлари бор, қариш белгилари намоён бўла бошлаган териларга мос келади. Тери қатламларини янгилайди ва пигмент доғларни йўқотишга ёрдам беради. Майда ажинларни бартараф қилади.

Тошкентдаги нархлар ўртача: 1,2 – 3 млн сўмгача.

Биоревитализация (гиалурон кислотаси уколлари): ўта қуриб кетган териларга тавсия қилинади. Терини ичидан намлантиради, эластиклик ва таранглик беради, қишда юз териси қуриб кетишидан ҳимоя қилади.

Тошкентда бу муолажаларни 700 минг – 1,5 млн сўмгача топиш мумкин.

Мезотерапия (витаминли коктейллар): чарчаган, рангсиз ва ёрқинлигини йўқотган териларга тавсия қилинади. Юз терисини витамин ва минераллар билан таъминлайди. Юзни табиий ялтиратади.

Пойтахтдаги косметологлардан бу муолажани 500 мингдан – 1,2 млн сўмгача олиш мумкин.

Аппаратли тозалаш (HydraFacial, микродермабразия): бу муолажа барча турдаги териларга мос келади. Тери пораларини тозалайди ва нафас олишига ёрдам беради. Қиш олдидан бундай тозалаш совуқ кунларда ҳам юзингиз ўз саломатлигини сақлаб қолишига ёрдам беради.

Уни 400–900 минг сўмгача нархларда топиш мумкин.

Трендда: PRX-T33 пилинги

Косметология оламида сўнгги пайтларда кўп қўлланаётган муолажа — PRX-T33 ҳисобланади. PRX-T33 — бу инъекциясиз биоревитализация усули, яъни уколсиз терига намлик ва янгиланиш берадиган муолажа. Аслида у химиявий пилинг турига киради, лекин классик пилинглардан фарқли равишда терида қизариш, яллиғланиш ёки кўчишсиз амалга ошади.

Тошкентда бу муолажа ўртача тахминан 1,5 – 2,5 млн сўм эвазига қилинади.

Уй шароитида парвариш тавсиялари

  • Намлантирувчи крем ва зардоблардан мунтазам фойдаланинг.
  • SPF ҳимояси қишда ҳам кераклигини унутманг.
  • Қўл ва лаб учун алоҳида балзам ишлатинг.
  • С витамини қўшимчалари тери рангига ижобий таъсир кўрсатади.

Унутманг, ҳар қандай муолажа шахсий ҳолат ва тери турига қараб белгиланиши керак. Шунинг учун, биринчи навбатда косметолог билан маслаҳатлашиш зарур.

Мавзуга оид