Бизнес | 18:49 / 02.10.2025
4953
4 дақиқада ўқилади

Нега Apple Ню-Йоркдаги вокзалда дўкон очган? 

Фото: Kun.uz

Apple’нинг АҚШдаги энг гавжум дўконларидан бири Ню-Йоркдаги тарихий-маданий марказ – Grand Central Terminal’да жойлашган. 2011 йилда очилган бу савдо нуқтаси бошқа дўконлардек ёпиқ хона эмас, очиқ маконда жойлашган. Терминалга келган юз минглаб йўловчи ва саёҳатчилардан аксарияти Apple’га ҳам кириб ўтгани боис бу нуқта доим одамлар билан тўла. Айниқса, шу кунларда iPhone 17нинг савдоси қизғин. Хўш, нега Apple вокзалда дўкон очганди? 

Бу Apple дўкони Ню-Йоркдаги энг машҳур ва ноёб нуқталардан бири. 2011 йилда очилган дўкон шаҳарнинг рамзий жойларидан бири - тарихий темирйўл вокзалининг ичида жойлашгани билан ажралиб туради. Дўкон терминалнинг баланд марказий залида, у анъанавий Apple дўконлари сингари ёпиқ хона эмас, очиқ маконда. Савдо нуқтаси тарихий архитектурага зарар келтирмаган, аксинча минималистик услуб билан умумий кўринишга зеб берган. Терминалдаги жой энг гавжум дўконлардан бири, ҳар куни бу вокзалдан юз минглаб одам ўтади ва шу сабаб ҳам мижозлар оқими жуда катта. Очиқ жойда бўлгани боис кириб-чиқиш эркин, шу жиҳати билан классик Apple store’лардан фарқ қилади. 

Хўш, Apple’га вокзалда дўкон очиш нега керак? Биринчидан - бу оддий темирйўл вокзали эмас, Grand Central Terminal Ню-Йорк маданий рамзи, архитектура дурдонаси. Бу ерда бўлиш Apple учун компанияси фалсафасини ифодалайди, бренднинг қудратини кўрсатади. 

Иккинчидан одамлар бу ерга Apple’ни деб келмайди, вокзални томоша қилиш ва шу баҳона бу маҳсулотларни ҳам кўриш учун келишади. 

Учинчидан, вокзалда очилган дўкон билан Grand Central Terminal’нинг ҳам аҳамияти юксалган. Аввал транспорт маркази бўлган бу жой энди технология ва савдо маркази сифатида ҳам дунёга машҳур. 

Энг қизиғи шундаки, Apple вокзалга ижара ҳаққи тўламайди, балки вокзалнинг бизнесига улуш беради. Дўкон 2,100 квадрат метр бўлгани боис анчагина катта ва ижара ҳаққи берилмаслиги анча шов-шувлар, муҳокамаларга ҳам сабаб бўлганди. 

Маҳсулотларга қайтсак, биз бу ерда бўлганимизда iPhone 16 ва 17, iWatch ҳамда Mack компьютерлари сотувда бор эди. Нарх-навога келсак, бошқа Apple дўконлари билан бир хил.

Масалан, iPhone 17 Pro Мах 256GB хотиралиси - 1,199 доллар, 512 GB’лиси 1,399 доллар, 1 TB’ли телефон 1,599 доллар, 2 TB хотирага эга телефон эса 1,999 доллар нархда турибди. Лекин сиз хоҳлаган хотира ҳажм ва рангни топиш муаммо, аксарият дўконларда бориб олиб кетгани фақат тўқ кўк - яъни «Blue» ранги ва 2 TB хотирага эга телефонлар бор. Қолганини эса буюртма қилиб, кутишга тўғри келади. 

Дарвоқе, АҚШ қонунчилиги бўйича бу нархлардан ташқари штатлар бўйлаб белгиланган солиқ ҳам ундирилади. Ўзбекистонга олиб келинган тақдирда эса 1000 АҚШ долларидан ошган маҳсулотларга ошиқ сумманинг 30%и миқдорида солиқ солинади.

Тайёрлаган:  Шоҳрух Мажидов

Мавзуга оид