Соғлом ҳаёт | 15:04 / 03.10.2025
2162
2 дақиқада ўқилади

Нукусда «Саломатлик марафони» старт олди

Акция касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳолига кенг қамровли тиббий кўрик ўтказишни кўзда тутади.

Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳрида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган «Саломатлик марафони» бошланди.

Акция доирасида ҳудуд аҳолиси 31 октябргача скрининг ва профилактик кўриклардан ўтказилади. Текширувлар Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ҳамда бир вақтнинг ўзида Нукусдаги 12 та оилавий поликлиникада амалга оширилмоқда.

Жараёнга маҳаллий шифокор ва ҳамширалар билан бир қаторда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда хориждаги илғор клиникалардан етакчи мутахассислар ҳам жалб этилган. Бу орқали аҳоли замонавий ташхис ва даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.

Шунингдек, Нукусдаги учта жамоат жойида «Саломатлик майдончалари» ташкил этилган бўлиб, уларда қон босими ва пульс ўлчаш, антропометрия каби оддий кўриклар ўтказилмоқда. Аҳолига соғлом турмуш тарзи бўйича тавсиялар ҳам берилмоқда.

Муҳим жиҳати шундаки, текширувлар давомида оғир касаллик аниқланган ёки юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтож беморлар ягона электрон база – DMED тизимига киритилмоқда. Улар зарур шифохоналарга йўналтирилиб, Тошкентдан келган етакчи мутахассислар иштирокида жарроҳлик амалиётлари ҳудуднинг ўзида амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, пойтахтдан келган мутахассислар томонидан оилавий поликлиникалардаги тиббиёт бригадалари аъзолари учун турли йўналишларда – кардиология, эндокринология, онкология, педиатрия ва гинекология бўйича маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Воркшоп шаклидаги машғулотларда скрининглар ўтказиш, рақамли технологиялардан фойдаланишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳам ўргатилмоқда.

Мавзуга оид