Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Англикан черковига тарихда илк бор аёл киши раҳбар бўлди
63 ёшли Сара Муллали Англикан черковини бошқарадиган биринчи аёлга айланди. У Кентерберининг 106-архиепископи. Унинг ўтмишдоши болаларга нисбатан зўравонлик можароси туфайли истеъфога чиқди.
Фото: AP
63 ёшли Сара Муллали тарихда Кентербери архиепископи этиб тайинланган биринчи аёл бўлди — у Буюк Британиядаги Англия черкови ва бутун дунё бўйлаб Англиканлар ҳамжамияти раҳбарига айланди. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг 3 октябр, жума куни ҳукумат сайтида чоп этилган баёнотида айтилган.
«Англия черкови мамлакатимиз учун жуда катта аҳамиятга эга. Ундаги черковлар, соборлар, мактаблар ва хайрия ташкилотлари жамоаларимиз ҳаётининг ажралмас қисмидир. Кентербери архиепископи мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Унга муваффақиятлар тилайман ва у билан ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутаман», деб ёзади Стармер.
Муллали Кентерберининг 106-архиепископи. Унинг ўтмишдоши, 2013 йилдан бери черковга раҳбарлик қилган 69 ёшли Жастин Уэлби 2024 йилнинг ноябрида истеъфога чиқди. У ўзи ва бутун черков болалар учун ёзги христиан лагерларида ўғил болалар ва ўсмирларга нисбатан кўплаб зўравонлик ҳолатларига етарли даражада жавоб бермаганликда айбланганидан кейин шундай қарорга келди.