Жаҳон | 21:44 / 05.10.2025
4479
2 дақиқада ўқилади

Бўрон туфайли Эверестнинг шарқий ёнбағрида мингга яқин одам қолиб кетди

Тибет расмийларининг маълум қилишича, сайёҳларнинг бир қисми аллақачон хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган, бироқ йўллар қор билан қоплангани сабабли бир неча гуруҳлар билан алоқа узилиб қолган.

Фото: REUTERS

Эверестнинг шарқий, Тибет ёнбағрида кучли қор бўрони оқибатида мингга яқин одам - алпинистлар, гидлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар тўпланиб қолди.

Хитой ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 3 октябр куни кечқурун минтақага ноқулай об-ҳаво кириб келди ва деярли бир сутка давом этди, бу эса 4900 метрдан баланддаги база лагерларига кириш йўлларини бутунлай тўсиб қўйди. Кучли шамол ва қорбўрон ҳаракатланишни имконсиз қилди.

Тибет расмийларининг маълум қилишича, сайёҳларнинг бир қисми аллақачон хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган, бироқ йўллар қор билан қоплангани сабабли бир неча гуруҳлар билан алоқа узилиб қолган. Тоғлардаги ҳарорат -15°C даражадан пастга тушди, бу эса қутқарувчилар ишини сезиларли даражада қийинлаштирмоқда. Тоғга чиқиш учун рухсатномалар савдоси вақтинча тўхтатилди ва об-ҳаво барқарорлашгунга қадар ҳудуд сайёҳлар учун расман ёпилди.

Параллел равишда қўшни Непалда кучли ёмғирлар сел ва сув тошқинларини келтириб чиқарди. Дастлабки маълумотларга кўра, камида 47 киши табиий офат қурбони бўлган, ўнлаб одамлар бедарак йўқолган.

Эверестдаги қутқарув операцияларига армия қисмлари, дронлар ва қор тозаловчи техникалар жалб қилинган. Хитой об-ҳаво маъмуриятининг огоҳлантиришича, яқин кунларда яна қор ёғиши мумкин, бу эса озиқ-овқат етказиб бериш ва қолган одамларни эвакуация қилишни қийинлаштиради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид