Жаҳон | 17:51 / 10.10.2025
8950
2 дақиқада ўқилади

Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари «МДҲ плюс» форматини таъсис этди

У учинчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ҳамдўстлик давлатлари билан «ўзаро манфаатли йўналишларда» ҳамкорлик қилишини назарда тутади.

Фото: eccis.org

МДҲ аъзолари ҳамкорликнинг янги формати - «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги плюс»ни таъсис этди. Тегишли қарор 10 октябр куни Душанба шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида қабул қилинди.

Ушбу формат Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан таклиф қилинган. У учинчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ҳамдўстлик давлатлари билан «ўзаро манфаатли йўналишларда» ҳамкорлик қилишини назарда тутади.

Қарор билан манфаатдор томонларни Ҳамдўстлик шафелигида ўтказиладиган тадбирларга таклиф этиш тартиби ва иштирок этиш формати, уларни қизиқтирган йўналишлар бўйича ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Учинчи давлатларни МДҲ олий органларининг тадбирлари ва очиқ мажлисларига бирлашмага раислик қилувчи давлат таклиф этади. Асосий шарт - Ҳамдўстликнинг бошқа иштирокчилари томонидан эътирозларнинг йўқлиги.

Аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков бундай шакллар кўпинча минтақавий ташкилотларда қўлланилишини таъкидлаган эди. Мисол тариқасида у ШҲТ+ ва БРИКС+ форматларини келтирди.

Саммит давомида жами 19 та ҳужжат имзоланди. 2030 йилгача мўлжалланган Ҳарбий ҳамкорлик концепцияси, Ташқи чегараларда чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш дастури, Минтақавий энергетика хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги декларация шулар жумласидан.

2026 йил январ ойидан Ҳамдўстликка раислик Туркманистонга ўтиши белгиланди. Бундан ташқари, МДҲ бош котиби Сергей Лебедевнинг ваколатлари яна уч йилга узайтирилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид