Авто | 07:57 / 10.10.2025
3610
3 дақиқада ўқилади

Учар автомобиллар: фантастикани ҳақиқатга айлантирадиган еттита модел

Кўп йиллар давомида учар машина дизайнерлар ва муҳандисларни ўзига жалб қилган орзу бўлиб қолди — илмий фантастика ва футуристик тасаввурлар йиғиндиси, аммо оддий ҳайдовчи учун эришиб бўлмайдиган мақсаддек.

Alef Model A Фото: Alef Aeronautics

2025 йилда бу фантазия ҳар қачонгидан ҳам ҳақиқатга яқинроқ бўлиб турибди. Бу йўлларда ҳаракатлана оладиган, гаражларда тўхтаб турадиган ва бир неча дақиқада учиш аппаратларига айланадиган автомобилларни яратган инновацион компаниялар гуруҳи туфайли юз берди. Қуйида автомобил ва авиация стандартларига жавоб берадиган энг яхши учар машиналарнинг еттитаси келтирилган.

Нидерландиялик муҳандислар томонидан ишлаб чиқилган PAL-V Liberty букланадиган ротор ва уч ғилдиракли аэродинамик конструкцияси туфайли йўлда соатига 160 километр ва ҳавода 180 километр тезликка чиқа олади. Учиш учун учиш-қўниш йўлаги талаб қилинади.

PAL-V Liberty / © C. Klok

Alef Model A АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) томонидан махсус парвозга яроқлилик сертификатини олган биринчи учар автомобилдир. Бу электр аэромобил стандарт тўхташ жойига сиғган ҳолда ерда 320 километр ва ҳавода 177 километр масофани босиб ўтиши мумкин. Биринчи етказиб беришлар 2025 йил охирига режалаштирилган.

Alef Model A / © Alef Aeronautics

Словакиянинг AirCar'и икки дақиқадан камроқ вақт ичида купедан самолётга айланади. У йўлда соатига 200 километр, ҳавода эса 249 километр тезликка эришади, максимал масофа 1000 километрни ташкил этади. У Европада фойдаланиш учун сертификатланган ва 170 соатдан ортиқ парвоз синовларидан ўтган.

AirCar / © KleinVision

Уч ғилдиракли шассиси бўлган Switchblade учар спорткари йўлда соатига 200 километр, ҳавода эса 305 километр тезликка эришади, 720 километр масофани босиб ўтади. Автоматик қанотлар тахминан уч дақиқада очилади ва гибрид ҳаракатлантирувчи тизим авиация ёнилғисидан фойдаланишга имкон беради.

Switchblade / © Samson Sky

AeroMobil 5.0 вертикал парвоз, гибрид двигател ва илғор авионикани таклиф этади, у парвозда соатига 200 километр ва йўлда соатига 160 километр тезликка эришади.

AeroMobil 5.0  / © AeroMobil

Xpeng X2 қисқа сафарлар ва шаҳар йўналишлари учун икки ўриндиқли электр аэромобилдир. Унинг максимал тезлиги соатига 130 километрни ташкил этади, ихчам дизайни эса чекланган жойларда фойдаланиш имконини беради.

Xpeng X2 / © Chinanews

Aska A5 тўрт ўриндиққа эга ва парвоз тезлиги соатига 240 километрни ташкил қилади. Унинг масофаси 240 километрдан 400 километргача, бу ҳам шаҳар, ҳам минтақавий парвозлар учун мос келади.

Aska A5 / © Aska

Муҳандислик ютуқлари ҳамда автомобилсозлик ва авиация саноатидаги стандартларни мослаштириш туфайли, учар машиналар энди илмий фантастика эмас. Улар кундалик маршрутлар ва амбициялар йўллар, тирбандликлар ёки анъанавий инфратузилма билан чекланмаган янги даврни очяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид