Жаҳон | 14:20 / 28.10.2024
4498
2 дақиқада ўқилади

Хитойда учар автомобиллар заводини қуриш бошланди

Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 минг донагача бўлади.

Фото: AP

Хитой жанубидаги Гуанжоу шаҳрида учар автомобилларни оммавий ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги биринчи корхона қурилиши бошланди, деб хабар бермоқда “Синҳуа” ахборот агентлиги Xpeng Aeroht компаниясига таяниб.

Биринчи босқичда заводда “Қуруқликдаги авиаташувчи” автомобили учун модуллар ишлаб чиқарилади. Бу модел сентябр ойида ўзининг илк парвозини амалга оширганди. Хабарга кўра, мазкур автомобилнинг дастлабки савдолари 2024 йил охирида бошланади.

Лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 минг донагача бўлиши режалаштирилмоқда.

Учар автомобилларни ишлаб чиқариш билан фақат Хитой шуғулланмаяпти. 2024 йил март ойида Ҳиндистоннинг ePlan компанияси учар такси прототипини синовдан ўтказиш режалари ҳақида хабар берганди. Компания асосчиси Сатя Чакравартининг сўзларига кўра, прототип шаҳар шароитида фойдаланиш мумкин бўлган ихчам учиш аппарати ҳисобланади.

Шунингдек, Американинг ихчам самолётлар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси 2025 йил охиригача Ню-Йорк ва Лос Анжелесда “ҳаво таксиси”ни ишга туширишни режалаштиряпти.

Дастлабки маълумотларга кўра, саёҳат нархи Uber Black тарифи даражасида бўлади – тахминан 100−200 доллар. Кейинчалик бу Uber XL тарифи нархларига тушиши мумкин – 50-100 доллар.

Мавзуга оид