Жаҳон | 12:37 / 10.10.2025
2027
2 дақиқада ўқилади

Европарламент РФ дронларини ЕИ узра уриб туширишни қўллаб-қувватлади

Европарламент Европа Иттифоқининг Россия учувчисиз учоқлари томонидан ҳаво ҳудудининг бузилишига қарши, шу жумладан, бундай нишонларни йўқ қилиш орқали мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар бўйича резолюциясини олқишлади.

Фото: Viacheslav Madiievskyi/Ukrinform/ABACA/picture alliance

Европа Иттифоқи инфратузилмасини нишонга олган ва унинг хавфсизлигига путур етказувчи Россия провокацияларидан ўзини ҳимоя қилиш учун Европа Иттифоқи мувофиқлаштирилган чоралар кўриши, мудофаасини кучайтириши ва Россияга қарши санкцияларни кучайтириши керак. Бу ҳақда Европарламент 9 октябр, пайшанба куни қабул қилган резолюцияда айтилади. Европарламент депутатларининг 469 нафари ушбу ҳужжатни ёқлаб, 97 нафари қарши овоз берган, 38 нафари эса бетараф қолган.

ЕП веб-сайтида таъкидланганидек, Европарламент депутатлари Россиянинг Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар Полша, Эстония, Латвия, Литва ва Руминия ҳаво ҳудудини бузишдаги «ўйламасдан ва кескинлаштирувчи ҳаракатлари»ни кескин қоралади.

Шу билан бирга, улар Дания, Швеция ва Норвегиядаги муҳим инфратузилмаларга қарши дронлардан мақсадли фойдаланишни танқид қилди. Европарламент депутатлари бу ҳаракатларни «Россиянинг тизимли ҳарбий ва гибрид урушининг бир қисми» ва «Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларга қарши провокация» деб атади. ЕП резолюциясида айтилишича, Россия Полша, Эстония ва Руминия ҳаво кенгликларида учувчисиз учоқлар билан содир бўлган ҳодисалар учун «шубҳасиз ва ҳеч қандай шарт-шароитсиз» жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Шу билан бирга, ҳужжатда Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларга «ўз ҳаво кенгликларининг ҳар қандай бузилишига, шу жумладан ҳаво нишонларини уриб туширишга қарши мувофиқлаштирилган, ягона ва мутаносиб чоралар кўриш» имконини берадиган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлаш билдирилади.

Европарламент депутатлари, шунингдек, «дрон девори» деб аталувчи концепцияни ва шарқий қанотда «қалқон» яратиш ташаббусини олқишлади. Шу билан бирга, улар жанубий қанотда хавфсизлик муаммоларига дуч келаётган Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларни ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид