Ўзбекистон | 17:35 / 11.10.2025
3205
2 дақиқада ўқилади

Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё халқаро куни жорий этилиши мумкин

Қозоғистонда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 26 март санасини Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё халқаро куни деб эълон қилиш тўғрисидаги таклиф маълумот учун қабул қилинди.

Остона шаҳрида Қозоғистон раислигида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бошқарувининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: CentralAsia

Тадбирга Қозоғистон бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев бошчилик қилди. Йиғилишда Қозоғистон сув хўжалиги ва мелиорация вазири Нуржан Нуржигитов, Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, Тожикистон бош вазири ўринбосари Сулаймон Зиёзода ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги вазири Чорёр Четиев иштирок этди. Унда Қирғизистон Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги Сув ресурслари хизмати директори ўринбосари Абдибай Жайлообоев кузатувчи сифатида иштирок этди.

Томонлар 2026 йил апрел ойида бўлиб ўтадиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик кўриш ва 2024-2026 йилларда Қозоғистон раислиги даврида Ижро қўмитасининг иш режасини амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар.

Иштирокчилар Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳаракатлар дастури ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий дастурнинг амалга оширилишини кўриб чиқди. Шунингдек, жамғарманинг ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳ фаолияти муҳокама қилинди.

Орол денгизи ҳавзасида 42 та экологик лойиҳа амалга оширилмоқда. Жаҳон банки кўмагида иккита минтақавий грант лойиҳасини ишга тушириш имконияти ўрганилмоқда. Иштирокчилар Ижро қўмитасининг 26 март санасини Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё халқаро куни деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини маълумот учун қабул қилдилар.

Учрашув якунида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бошқаруви қарорларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид