Жаҳон | 15:17 / 11.10.2025
5030
2 дақиқада ўқилади

"Sputnik Озарбойжон" директори Бокудаги тергов ҳибсхонасидан озод этилди

Озарбойжон томонидан жорий йилнинг ёзида Россия билан муносабатлар кескинлашган бир пайтда ҳибсга олинган "Sputnik Озарбойжон" директори Игор Картавих тергов ҳибсхонасидан озод этилди. Москвада Сатира театрининг собиқ директори Агаев озодликка чиқди.

Фото: Sputnik

Россиянинг «Россия сегодня» давлат медиа гуруҳи томонидан асос солинган "Sputnik Озарбойжон" ахборот агентлиги ижрочи директори Игор Картавих Бокуда тергов ҳибсхонасидан уй қамоғига ўтказилди. Бу ҳақда 10 октябр, жума куни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга таяниб, «Коммерсант» газетаси хабар берди.

Газетанинг ёзишича, 1 июл куни ҳибсга олинган Картавихни озод қилиш қарори икки давлат раҳбарлари Владимир Путин ва Илҳом Алиевнинг 9 октябр куни Душанбедаги учрашуви арафасида қабул қилинган. Ушаков бу масалани озарбойжонлик ҳамкасби Ҳикмет Гажиев билан бевосита муҳокама қилган.

Картавих Бокуда уй қамоғида бўлади, дея аниқлик киритди «Россия сегодня» раҳбари Дмитрий Киселев «РИА Новости» давлат ахборот агентлиги билан суҳбатда. Россиянинг Озарбойжондаги элчихонаси вакиллари аллақачон Россия фуқароси олдига ташриф буюрган, дея қўшимча қилди ТИВ матбуот котиби Мария Захарова. Картавих билан бирга ҳибсга олинган "Sputnik Озарбойжон" бош муҳаррири Евгений Белоусов ҳамон тергов ҳибсхонасида қолмоқда.

Картавих озод этилганидан кўп ўтмай, 1992 йилдан 2021 йилгача Москва Сатира театрига раҳбарлик қилган Мамедали Агаев Москвада ҳибсдан озод этилгани маълум бўлди. У 28 август куни 20 миллион рублни ўзлаштирганликда айбланиб, икки ойга ҳибсга олинган эди. РБК манбасига кўра, 9 октябр куни Таганск суди Агаевни уй қамоғига ўтказишни маъқуллаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид