Иқтисодиёт | 16:00 / 13.10.2025
3390
2 дақиқада ўқилади

Электротехника саноатига янги имтиёзлар берилиши мумкин

Йирик лойиҳаларга электротехника товарларини етказиб берган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҚҚС тўлашда импортёрларга тенглаштириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, йирик лойиҳаларда фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш талаби қўйиладиган маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилади.

Фото: "Ўзбекистон 24" эфиридан кадр

Ўзбекистон президенти 8 октябр куни электротехника саноатини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишган эди. Тақдимотдан кейин “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов “Ўзбекистон 24” телеканалига интервю берди.

Унинг сўзларига кўра, импорт ўрнини босувчи 110-220 kV кучланишга мўлжалланган кабеллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилган. Лойиҳа Саудия Арабистонининг Riyadh Cables компанияси томонидан амалга оширилиши мумкин.

Давлат раҳбари йирик лойиҳаларда маҳаллий контент улушини ошириш вазифасини қўйган.

“Энг яхши мисол: кабел маҳсулотларининг камида 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан олиш талаби белгиланган эди. Бу тажриба ўзини оқлагани сабабли уни кенгайтириш, трансформаторлар, шитлар ва бошқа маҳсулотларга ҳам татбиқ этиш юзасидан топшириқлар бердилар”, – деди Мирзиёд Юнусов.

“Ўзэлтехсаноат” раҳбарига кўра, тақдимотда йирик лойиҳалар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҚҚС тўлашда импортёрларга тенглаштириш таклифи илгари сурилган ва президент буни қўллаб-қувватлаган.

“Бунинг натижасида, дастлабки ҳисоб-китобларимизга қараганда, 120 млн долларлик маҳсулотларни қўшимча равишда маҳаллий контент орқали етказиб бериш имконияти бўлади”, деди у.

Маълумот учун, йирик лойиҳаларни амалга оширишда хориждан олиб келинадиган ускуналар ҚҚСдан озод қилинади. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импортёрларни тенглаштириш учун ё ишлаб чиқарувчиларни ҳам ҚҚСдан озод қилиш, ёки импортчиларнинг бу имтиёзини бекор қилиш керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электротехника ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилган, шунингдек, уларга йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид