Жаҳон | 12:45 / 13.10.2025
1191
2 дақиқада ўқилади

ГФР Сурияга бошпана бўйича рад жавоби олганларни чиқариб юбормоқчи

Германия ички ишлар вазири Добриндт сурияликларнинг бошпана бўйича мурожаатларини қайта кўриб чиқишни, бунда «меҳнатга лаёқатли ёш эркаклар»га устувор аҳамият беришни буюрди. Рад жавоби олганлар депортация қилинади.

Фото: Andreas Arnold/dpa/picture alliance

Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идорага (BAMF) сурияликларнинг бошпана сўровларини кўриб чиқишни қайтадан бошлаш ҳақида кўрсатма берди. Рад этилганлар депортация қилинади, дея хабар беради dpa ахборот агентлиги ва Bild таблоиди 12 октябр, якшанба куни.

«Биринчи навбатда меҳнатга лаёқатли ёш эркаклар»нинг аризалари устувор бўлиши кутилмоқда. Ушбу тоифадаги ариза берувчиларга устуворлик берилиши сабаби аниқлаштирилмаган. Рад жавоби ватанини тарк этганидан сўнг у ерга бориб келган сурияликларга ҳам берилади.

Мамлакатда Башар Асад тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида фуқаролик уруши авж олгач, 2012 йилдан бери Германия Сурия фуқароларини ўз ватанларига депортация қилмади. Ҳозирда Германия расмийлари Сурия томони билан нафақат жиноятчилар, балки бошпана бериш рад этилганларни ҳам депортация қилиш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилмоқда. «Биз Сурия билан депортация қилиш имкониятини яратиш учун келишув устида ишлаяпмиз. Биз жиноятчилардан бошламоқчимиз», — дейди Добриндт Bild нашрига. Сентябр ойида вазир 2025 йил охиригача бундай келишувни тузишни мақсад қилганини айтганди.

Ўтган йил охирида Асад режими ағдарилгач, Германия ва бошқа Европа давлатлари Сурия фуқароларининг бошпана сўровларини кўриб чиқишни вақтинчалик тўхтатиб қўйган эди. 2025 йил июл ҳолатига кўра, Германияда тахминан 955 минг суриялик истиқомат қилади. Тўхтатилганига қарамай, январ ва август ойлари орасида Сурия фуқаролари Германиядан бошпана сўраб 17 500 дан ортиқ ариза топширган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид