Жаҳон | 11:03 / 13.10.2025
4135
2 дақиқада ўқилади

Покистон ва Афғонистон можаросида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги тўқнашувнинг иккинчи кунида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, деб хабар қилди икки томон. "Толибон" 58 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлганини хабар берди. Покистон Афғонистон чегара постлари қўлга олинганини билдирди.

Фото: Getty Imagеs

12 октябр, якшанба куни тушдан кейин Афғонистон ва Покистон ўртасидаги таранглик кучайди, деб хабар берди AFP ҳар икки томон баёнотларига таяниб. Ҳар икки давлат чегарадаги тўқнашувлар натижасида ўнлаб кишилар ҳалок бўлган. Бу рақамларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ.

Кобулдаги ҳукмрон "Толибон" ҳаракати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг маълум қилишича, 58 нафар Покистон аскари ҳалок бўлган, Исломобод бу рақамларни тасдиқламади. "Толибон"га кўра, қўшни давлатнинг 20 та чегара пости вақтинча эгаллаб олинган. Афғонистон буни «жавоб ҳаракати» деб атади. Мужоҳид, шунингдек, тўққиз афғон аскари ҳалок бўлганини даъво қилди.

Покистон оммавий ахборот воситалари хавфсизлик манбаларига таяниб, афғон томонида ҳам «кўп сонли қурбонлар» борлигини, Покистон кучлари 19 та афғон чегара постини ўз назоратига олганини хабар қилди, деб хабар беради AFP.

Куни кеча Афғонистон ва Покистон чегарасидаги можаро "Толибон" ва Покистон аскарлари ўртасидаги шиддатли қуролли тўқнашувлар билан авж олди. Икки кун аввал "Толибон" Исломободни Афғонистон ҳудудига ҳаво ҳужумларида айблаган эди.

9 октябр куни Кобул ва Афғонистон жануби-шарқида содир бўлган қатор портлашлардан сўнг Афғонистон Мудофаа вазирлиги Покистонни суверенитетини бузганликда айблади. Исломобод ҳаво ҳужумларига алоқадорлигини рад этди, лекин Кобулни «ўз ҳудудида Покистон толибларига бошпана беришни тўхтатишга» чақирди.

Покистон ҳукумати уларни 2021 йилдан бери юзлаб покистонлик аскарларни ўлдирганликда айбламоқда. Покистонлик толиблар Афғонистонда жанговар тайёргарликдан ўтади ва афғон ҳамкасблари мафкурасини қўллаб-қувватлайди, дея хабар беради AFP. Покистон разведкасидаги манбаларнинг dpa ахборот агентлигига маълум қилишича, Исломобод зарбалари Покистон толиблари етакчиси Нур Вали Меҳсудга қаратилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид