Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болаларга қандай ҳолларда ингаляция мумкин эмас? – мутахассис жавоб берди
Куз келиши билан болалар орасида нафас йўллари инфекциялари кескин кўпаяди. Бундай пайтда кўплаб ота-оналар фарзандларини уй шароитида ингаляция орқали даволашни афзал кўради. Хўш, бу усул қанчалик тўғри? Ингаляциянинг фойдаси қандай ва уни қўллашда нималарга эътибор бериш керак? Қайси ҳолларда ушбу муолажа тавсия этилмайди? Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси мазкур саволларга жавоб берди.
Куз кириб, ҳаво ҳарорати пасайган сари инсон организми совуқ мавсумга мослаша бошлайди. Ушбу даврда турли вирус ва бактериялар фаоллашиб, грипп ҳамда ЎРВИ каби касалликлар кўпаяди. Айниқса, болаларда нафас йўллари инфекциялари йилнинг бошқа фаслларига нисбатан кўпроқ учрайди. Бундай пайтда аксар ота-оналар фарзандларини уй шароитида ингаляциядан фойдаланиб даволашга уринишади.
Олий тоифали шифокор Равшанбек Умаровнинг айтишича, ингаляция – нафас йўлларига дориларни тўғридан тўғри юбориш усули бўлиб, болалар учун фойдали ҳисобланади. Уни асосан, нафас йўллари касалликлари, бронхит, астма, тонзиллит ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) даврида қўллаш мумкин.
Мазкур даволаш усулининг афзаллиги шундаки, ингаляция йўли билан қилинадиган малҳам беморга тез таъсир кўрсатади. Сабаби у орқали дори моддалари бевосита ҳужайраларга етиб бориб, хасталик аломатлари енгиллашади.
Ингаляциянинг турлари ҳар хил. Улардан баъзилари шифокор тавсияси билан амалга оширилса, бошқалари уй шароитида қўлланиши мумкин. Хусусан, небулайзер замонавий қурилма бўлиб, дорини аэрозол (ҳавога пуркаладиган, майда заррачалардан иборат туман шаклидаги аралашма) кўринишига келтиради. У болалар учун энг мақбул восита ҳисобланади. Фойдаси шундаки, дорилар тўғридан тўғри нафас йўлларига тушиб, тез таъсир кўрсатади. Небулайзерга шифокор тавсияси асосида берилган махсус дори воситаларини қўшиш мумкин.
Буғли ингаляция эса одатда шўр ва доривор моддалар қўшилган сув ёрдамида ишлатилади. У ўсмир болалар учун самарали ҳисобланса-да, кичик ёшдаги болаларга эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.
Аэрозолли ингаляция махсус флаконларда тарқатилувчи дорилар билан амалга оширилиб, астма ва аллергик реакциялар учун ишлатилади.
Баъзи беморларга ингаляция қилиш тавсия этилмайди. Жумладан, тана ҳарорати 38°С ва ундан юқори бўлганда, ўпка ёки юрак фаолиятининг оғир бузилишларида фойдаланиш мумкин эмас.
Ингаляция учун дорилар аниқланган касалликларга мувофиқ шифокор томонидан танланиши зарур. Муолажани ўтказишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак:
- бола тинч ҳолатда бўлиши ва тўғри нафас олиши;
- ингаляцияни таомланишдан камида 1 соат олдин ёки кейин ўтказиш;
- муолажа вақти 5-10 дақиқадан ошмаслиги;
- небулайзер тозалигига эътибор бериш ва уни ҳар бир қўллашдан сўнг ювиш зарур.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ингаляциядан ўзбошимчалик билан фойдаланиш кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис уни қўллашдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.
Мавзуга оид
18:56 / 10.11.2025
Болаларни экрандан узоқлаштириш учун ижтимоий тармоқларга тақиқ: бу қанчалик самара беряпти?
11:08 / 13.09.2025
Болалар учун ҳажвий киножурналлар яратиш бўйича танлов эълон қилинди
17:34 / 22.07.2025
Боланинг ёшига қараб эҳтиёжлар ҳам ўзгаради: оналар нимага эътибор бериши керак?
16:22 / 24.05.2025