Аёллар дунёси | 17:34 / 22.07.2025
2773
3 дақиқада ўқилади

Боланинг ёшига қараб эҳтиёжлар ҳам ўзгаради: оналар нимага эътибор бериши керак?

Бола туғилиши билан бирга ота-она масъулияти ҳам бошланади. Аммо тарбияда энг катта ролни, шубҳасиз, она бажаради. Боланинг истакларини тўғри англаш, ёшига қараб уни тушуниш ва эҳтиёжларини тўғри қондириш унинг соғлом, бахтли шахс бўлиб шаклланишига замин яратади.

Фото: AP

Психологлар таъкидлашича, ҳар бир ёш даврида бола муайян эҳтиёжларга эга бўлади. Агар бу эҳтиёжлар инобатга олинмаса, у ҳолда болада ишончсизлик, номукаммаллик ҳисси, мустақилликдан қўрқиш ва турли руҳий муаммолар юзага келиши мумкин.

0–1 ёш: Ишонч ва хавфсизлик асоси

Бу даврда бола ҳали гапиролмайди, лекин ҳис қилади. У учун овқатланишдан ҳам кўра муҳимроғи – хавфсиз муҳит, она меҳри ва доимийлик ҳиссидир. Қучоқлаш, она овозини эшитиш, ўша одамлар билан кўпроқ вақт ўтказиш орқали у дунёга ишонч ҳисси билан қарай бошлайди.

1–3 ёш: “Ўзим қиламан” эҳтиёжи

Бу ёшда бола мустақил ҳаракат қилмоқчи бўлади: ўзи ейиш, ўзи кийиниш, ўзи танлаш. Агар унга ҳар бир қадамда “бўлмайди”, “қилолмайсан” дейилса, у ўзини кучсиз ҳис қилади. Оналар бу босқичда болага хавфсиз чегаралар ичида эркинлик беришлари муҳим.

3–6 ёш: Ижодий фикрлаш ва ўйинлар

Бола “нега?” саволларини кўп берадиган, ролли ўйинлар ўйнайдиган ва ҳиссий дунёси бойиган босқич. Унинг фантазиясига эркинлик бериш, гапларига аҳамият бериш орқали болада ижодкорлик ва ишонч шаклланади.

6–10 ёш: Қобилият ва ижтимоий ўрни

Бола ўқиш, гуруҳда ишлаш, дўстлашиш, ўзини жамоа ичида синаб кўришга эҳтиёж сезади. Мукофот ва мақтов уни руҳлантиради. Лекин барча нарсани “тўғри қил” деб мажбурлаш эмас, балки хатолардан ўрганиш имконини бериш муҳим.

10–13 ёш: Шахсий фикр ва шахс сифатида қабул қилиш

Ўсмирликка кириб бораётган бола ўз фикрини айтмоқчи бўлади, танқидларга оғриқ билан жавоб қайтаради. Бу даврда уни эшитиш, фикрига ҳурмат билан ёндашиш, уни катта деб қабул қилиш орқали руҳий барқарорлик таъминланади. Бу билан боланинг “ўтиш даври”ни бошдан кечириш осонроқ бўлади.

14–18 ёш: Мустаҳкам шахсга айланиш

Ўсмир нафақат шахс сифатида шаклланади, балки ўз мақсади, дунёқараши, кийиниш услуби ва қадриятларини ҳам яратишга интилади. Унга ишонч билдириш, маслаҳат бериш, бир вақтнинг ўзида назоратсиз эмас, эркин муҳитда ривожланиши учун шароит яратиш ота-она зиммасида.

Бола тарбиясида ягона қоида йўқ. Аммо ёшига қараб унинг эҳтиёжларини тушуниш, шу эҳтиёжларга мос тарзда муносабатда бўлиш ҳар бир онанинг муҳим вазифасидир. Эътибор, меҳр ва ишонч – ҳар бир ёшда бола учун энг муҳим жиҳатдир.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид