Бугунги дунёда ота-оналар ва ўқитувчиларнинг ижтимоий тармоқлар ҳақидаги хавотирлари табиий. Болалар онлайн оламда мулоқот, ижодкорлик ва шунчаки завқ олиш имкониятига эга. Шунга қарамай, болалар ҳуқуқи ҳимоячиларига кўра, улар хавф-хатарларга жуда тез-тез учрайди.

Тармоқларда болалар дуч келадиган хавфларнинг тури ва сони жуда кўп. Масалан, болаларни қўрқитиш, жинсий эксплуатация, танасини ва ташқи кўринишини ҳақорат қилиш, ўзига зарар етказиш каби ҳолатлар. Бундан ташқари, тугамас янгиликлар лентаси, сунъий интеллект чат-ботларига боғланиб қолган носоғлом муносабатлар ва телефонини қўя олмайдиган ўсмирлар ҳам ота-она учун анча жиддий муаммо.

Сўнгги йилларда ёшлар руҳий саломатлигига оид бундай ташвишлар кучайгани сари, ҳукумат ва таълим тизими онлайн хавфларни камайтириш йўлларини изламоқда. Кўплаб мактабларда телефондан фойдаланиш тақиқланди. Instagram, TikTok ва Snap каби тармоқлар ўсмирлар учун янги ҳимоя механизмларини жорий қилди. Энди эса Австралия ўсмирлар учун кенг қамровли ижтимоий тармоқларга тақиқ жорий этиш арафасида турибди.

Бу тақиқлар ҳақиқатан ҳам ёрдам берадими? The New York Times технология бўлими мухбири Наташа Сингер бу мавзуни таҳлил қилди.

Нималар бўляпти?

Ёшлар мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда ёмон тажрибаларга дуч келаётганини хабар қилишади.

2021 йилда собиқ Facebook компаниясида ишлаган ходими Марк Цукерберг ҳамда бошқа раҳбарларни компания сўровномаси натижалари билан огоҳлантирган эди. Сўровномада қатнашган 13–15 ёшли ўсмирларнинг 20 фоиздан ортиғи ўтган ҳафта давомида Instagramʼда камситилганини билдирган. Сўровда қатнашган кўплаб ўсмирлар ҳатто «ножўя яқинлашувларга» ҳам дуч келганини айтган.

Шундан сўнг Instagram ўсмирлар учун ҳимоя чораларини кучайтирди. Масалан, ўсмирни кузатмайдиган (follow қилмайдиган – таҳр.) нотаниш катталар унга тўғридан-тўғри хабар юбора олмайдиган механизм жорий қилинди. Ўтган йили эса платформа 18 ёшгача бўлган фойдаланувчиларга юбориладиган шахсий хабарлардаги яланғоч суратларни автоматик хира қилиб кўрсатадиган янги ҳимоя тизимини ишга туширди.

Бироқ тадқиқотчилар ва ҳукумат вакиллари бу ҳимоя механизмларида ҳам нуқсонлар борлигини аниқлашди. Ўтган йили Ню-Мексико штатида уч эркак ҳибсга олинди. Штат бош прокурорининг айтишича, улар ижтимоий тармоқларда болаларни жинсий алоқага жалб қилганликда гумон қилинмоқда. Бундай педофилларни қўлга тушириш учун терговчилар ўзларини ижтимоий тармоқларда бола сифатида кўрсатиб, махсус сохта аккаунтлар яратган. Улар эса сохта аккаунтларида болалар ролини ўйнаган терговчиларга ёзишган.