Жаҳон | 15:11 / 14.10.2025
1981
2 дақиқада ўқилади

НАТО ядровий тийиб туриш бўйича машғулотларни бошлади

Ҳар йили ўтказиладиган «Қатъий туш» машқлари Шимолий Атлантика алянсининг ядровий тўхтатиб туриш самарадорлигини синаб кўриш учун мўлжалланган. Унда НАТОнинг ядро қуролига эга бўлмаган аъзолари ҳам иштирок этади. Машқлар икки ҳафта давом этади.

Фото: KENZO TRIBOUILLARD/AFP/Getty Images

НАТОнинг Steadfast Noon («Қатъий туш») ядровий тийиб туриш бўйича йиллик машғулотлари 13 октябр, душанба куни бошланди. Машғулотлар Шимолий денгизда бўлиб ўтмоқда ва икки ҳафта давом этади. НАТОга аъзо 14 давлатдан 2000 га яқин аскар ва 71 та самолёт иштирок этади.

Америка Қўшма Штатлари анъанавий ва ядровий қуролларни олиб юришга қодир бўлган тўртта икки томонлама мақсадга эга F-35 қирувчи самолётлари билан қатнашади. Германия учта Tornado қирувчи-бомбардимончиси, шунингдек, тўртта Eurofighter Typhoon кўп мақсадли қирувчи самолётларини юборди.

«Таъкидлаш жоизки, бу машғулотлар ҳар йили ўтказилади. Ва биз буни қилишимиз керак, чунки бу бизнинг ядровий тўхтатувчи воситамизнинг максимал ишончлилиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради», — деди НАТО бош котиби Марк Рютте. «Шунингдек, бу ҳар қандай потенциал рақибга биз барча иттифоқчиларни ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилишимиз мумкинлиги ҳақида аниқ хабар юборади», дея қўшимча қилди у. Шунингдек, бу манёврлар, агар керак бўлса, НАТО ўзини ядро қуроли билан ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида Москвага аниқ сигнал беришни мақсад қилган.

Нидерландиядаги Волкел авиабазаси самолётлар учун асосий база бўлади. Ёрдам бўлинмалари Буюк Британиядаги Лейкенхит ҳаво кучлари базасида ва Белгиядаги Кляйне-Брогел ҳаво кучлари базасида, ядровий қўллаб-қувватлаш кучларининг катта контингенти эса Даниядаги Скридструп базасида жойлаштирилади.

Машқлар тафсилотлари сир сақланмоқда. Ҳарбий экспертларнинг фикрига кўра, улар ядровий қуролларни ерости омборларидан самолётларга хавфсиз ўтказиш ва қирувчи самолётлар остига жанговар каллакларни ўрнатиш амалиётини ўз ичига олади. Бу, одатда, ҳақиқий ядровий каллакларсиз қўғирчоқ бомбалардан фойдаланишни назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид