Таълим | 20:56 / 14.10.2025
11132
3 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Мактабларда телефонни тақиқлаш керакми?

Кўплаб давлатлар мактаб ўқувчиларининг смартфон ва планшетлардан фойдаланишини тақиқлаяпти. Ўқувчиларнинг смартфон ишлатиши – таълим самарадорлиги тушишига ва ҳатто руҳий бузилишларга ҳам олиб келиши мумкин деб ҳисобланмоқда. Хўш, Ўзбекистон мактабларида ҳам шундай тақиқ қўллаш керакми? Kun.uz мухбири бу борада Тошкент шаҳридаги ўқитувчи ва ўқувчиларнинг, шунингдек, ота-оналарнинг фикри билан қизиқди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хориж тажрибасига қаралса, ўнлаб давлатлар мактабда телефон ишлатишни тақиқлаб қўйган ва бу амалиётни давом эттиряпти. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган респондентларнинг кўпчилиги дарс вақтида телефонни тақиқлаш кераклигини билдирди. Айниқса, ўқитувчилар телефондан фойдаланадиган ўқувчилар дарсдан чалғиши, дарс вақтида ижтимоий тармоқларга кираётганини айтишди.

«Тақиқлаш керак деб ўйлайман. Ўзим ўқитувчиман, она сифатида ҳам айта оламан. Чунки ўзимни ўғлим ҳам дарс пайтида ижтимоий тармоқларда ўтирганини кўраман», – дейди улардан бири.

Болаларга смартфондан тўғри фойдаланишни ўргатиш кераклигини айтган ўқитувчилар ҳам бор.

«Агар ёшлар дарс пайтида телефондан тўғри фойдалана олишса, бу дарсни яхши ўзлаштиришига ёки кўпроқ маълумот олишига ёрдам беради. Агар дарсдан чалғитувчи мақсад сифатида хизмат қилса, бу дарсга халақит беради», – дейди улардан бири.

Баъзи ўқитувчилар эса дарс пайтида телефон ишлатиш ўқитувчининг ҳам диққати бўлинишига олиб келаётганини айтади.

«Ота-она уйи мактабга узоқ бўлса, фарзандининг қўлига телефон бериб қўйиши мумкин. Ҳозирги пайтда уйи яқинлари ҳам телефон бериб қўйган. Бу нотўғри деб ўйлайман. Дарсга таъсир қиладими десангиз, масалан, ўқитувчи телефонларни йиғиб оламан деган пайтда менга онам телефон қилиши керак, хавотир олади деб айтиб, телефонни бермасликка ҳаракат қилади. Телефон жиринглаб қолиши бор. Ўқувчи хоҳласа-хоҳламаса фикри телефонга кетади», – дейди ўқитувчи.

Ўқувчиларнинг ҳам айримлари телефонни тақиқлаш кераклигини айтди, бошқалари баъзи чекловлар кифоялигини билдирди. Ёши катта респондентлар эса мактаб ўқувчиларнинг телефон ишлатиши – уларнинг хулқ-атворига таъсир қилаётганини билдирди.

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги матбуот хизматига кўра, мактабларда мобил телефондан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сонли қарори билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинади. Унга кўра, мактабга кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ходим ва бошқа шахслар ўз телефони овозини тўлиқ ўчириб қўйиши лозим бўлади. Шу билан бирга, ўқувчилар мактаб биносига кириш зали ёки синф хоналарига мобил телефонларини сақлаш учун қути (жавон)ларга қўйиши керак. Бироқ бу талабларга ҳамма мактабларда ҳам амал қилинмайди.

Мавзуга оид