Жаҳон | 10:06
636
2 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб мактабларда телефон чекловлари кескин ошди

Дунёда мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни чеклаш сиёсати сўнгги йилларда кескин кучайди — 2026 йилга келиб бундай чоралар жорий этилган мамлакатлар улуши икки бараварга ошди.

Фото: PA

ЮНЕСКОнинг Таълим мониторинги бўйича глобал ҳисоботига кўра, ҳозирда дунёдаги таълим тизимларининг 58 фоизи мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни чеклаган ёки тақиқлаган. Бу кўрсаткич 2023 йилда атиги 24 фоизни ташкил этган эди.

Мутахассислар бу ўсишни ўқувчилар диққатининг пасайиши, кибербуллинг ҳолатлари ва ижтимоий тармоқларнинг болалар психологиясига таъсири билан изоҳламоқда. Шунингдек, экран вақти ортиши таълим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланмоқда.

Сўнгги вақтларда Боливия, Хорватия, Мальта ва Мальдив ороллари каби қатор давлатлар ҳам миллий даражада телефон чекловларини жорий этган. Айрим мамлакатларда эса бу масала янада кучайтирилиб, қонунчилик даражасига олиб чиқилмоқда.

Экспертлар фикрича, телефон чекловлари ўқувчиларнинг дарсдаги фаоллигини ошириш, жонли мулоқотни ривожлантириш ва таълим муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Бироқ баъзи мутахассислар технологияларни тўлиқ тақиқлаш эмас, балки улардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳимлигини ҳам таъкидламоқда.

Умуман, мактабларда смартфонлардан фойдаланишни чеклаш глобал таълим сиёсатидаги асосий трендлардан бирига айланиб бормоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид