Жаҳон | 18:24 / 15.10.2025
18979
6 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Россиянинг «уйига оқсоқланиб қайтаётган» сувости кемаси устидан кулди

Марк Рютте Ўрта Ер денгизида Россия ҳарбий-денгиз кучлари деярли йўқлигини таъкидлади.

Фото: The Royal Navy

НАТО раҳбари Марк Рютте душанба куни Россиянинг «Новороссийск» сувости кемасини кузатиб бориш операцияси ҳақида гапираркан, Россия ҳарбий-денгиз флоти ҳолати ҳақида ҳазил қилди. Ўша куни Москва субмарина техник муаммо туфайли сув юзасига чиқишга мажбур бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди.

НАТО бош котиби Том Клэнсининг 1984 йилда чоп этилган «Қизил Октябр учун ов» романини тилга олди, бу роман хорижда фитначилар томонидан ўғирлаб кетилган совет атом сувости кемасини қидиришга бағишланган.

«Том Клэнсининг 1984 йилги „Қизил Октябр учун ов“ номли романи билан солиштирганда қанчалик катта фарқ бор. Бугун бу кўпроқ энг яқин механикни овлашга ўхшайди», – деган Рютте.

Клэнсининг романи ва худди шу ном остида машҳур бўлган филм (Шон Коннери бош ролни ўйнаган) қўмондони АҚШга қочишга қарор қилган совет сувости кемаси ҳақида ҳикоя қилади.

Алянс бош котибининг сўзларига кўра, «Ўрта Ер денгизида Россия ҳарбий-денгиз кучлари деярли қолмаган».

«Фақат ёлғиз, бузилиб қолган Россия сувости кемаси патрулликдан сўнг оқсоқланиб уйига қайтяпти», – дея қўшимча қилган у.

Россия Қора денгиз флотининг хабар беришича, «Новороссийск» сувости кемаси Ла-Маншда навигация қоидаларига риоя қилиш учун Франция соҳиллари яқинида сув юзасига чиққан, у ерда унга Британия ҳарбий кемаси ва вертолёти ҳамроҳлик қилган.

Россия кемасини кузатиш операциясида олти давлатдан 11 та кема иштирок этди, деб хабар берди Буюк Британия Қироллик денгиз флоти.

Ушбу операция Ўрта Ер денгизи ҳудудида бошланган, у ерда Гибралтар тезкор катерлар эскадрасининг HMS Cutlass кемаси Гибралтар бўғози орқали сув юзасида йўлнинг бир қисмини босиб ўтган «Новороссийск» ортидан сузиб борган. Ла-Маншга киришда эса НАТОнинг бошқа кемалари эстафетани қабул қилиб олган.

Муаммо ҳақида хабарлар

«Базаси Плимутда бўлган HMS Iron Duke фрегати Франция қирғоқларида, Ушан ороли яқинида, Ла-Маншга кираверишда Россиянинг „Кило“ синфидаги „Новороссийск“ сувости кемаси ҳамда „Яков Гребелский“ ёрдамчи шатакчисини кузатиб борди», – дейилади Британия Қироллик денгиз флоти баёнотида.

Ла-Манш сувларида Британиянинг HMS Iron Duke фрегати «​​​​​​Новороссийск»ни кузатиб борди.
Фото: The Royal Navy

7 октябр куни Франция бош штаби мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари фрегати Россиянинг «Новороссийск» сув остикемасини Бретон региони қирғоқлари яқинидан ўтаётганида кузатиб борганини маълум қилди.

11 октябр куни эса Нидерландия мудофаа вазирлиги ўз ҳарбий-денгиз кучлари шатакка олинган «Новороссийск» кемасига ҳамроҳлик қилганини маълум қилди. Нидерландиянинг Nl Times нашрига кўра, сувости кемаси Ўрта Ер денгизида жанговар навбатчилик қилаётганида ёнилғи сизиб чиққан.

Шу билан бирга, Россия хавфсизлик кучларига яқин деб ҳисобланувчи «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали сентябр охирида, Гибралтар бўғозидалигида сувости кемасида носозлиги аниқланганини ёзди: зарар туфайли дизел ёнилғиси трюмга сизиб чиқа бошлаган.

Аммо душанба куни Россия Қора денгиз флоти «Калибр» қанотли ракеталари билан жиҳозланган сувости кемалари гуруҳи таркибига кирувчи «Новороссийск» кемаси «режали флотлараро транзит»ни амалга оширганини маълум қилди.

«Қатор оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган носозлик ва бунинг натижасида „Новороссийск“ дизел-электр сувости кемасининг Франция қирғоқлари яқинида фавқулодда сув юзасига қалқиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди», – дейилади РФ Қора денгиз флоти матбуот хизмати хабарида.

«Халқаро кема қатнови қоидаларига мувофиқ, Ла-Манш бўғози зонасидан сувости кемаларининг ўтиши фақат сув устида амалга оширилади», – дея қўшимча қилган Қора денгиз флоти.

Б-261 «Новороссийск» – Россиянинг 636.3 «Варшавянка» проектидаги дизел-электр сувости кемасидир. У Россия ҳарбий-денгиз флотининг Қора денгиз флоти 4-алоҳида сувости кемалари бригадаси таркибига киради.

Ушбу лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилган сувости кемалари узоқ масофали «Калибр» қанотли ракеталари билан қуролланган.

BBC Verify суриштируви шуни кўрсатдики, жорий йилнинг июн ойида Россиянинг «Бойкий» ҳарбий кемаси санкциялар остида бўлган иккита нефт танкери билан Ла-Манш бўғозидан ўтаётганда сохта идентификация сигналидан фойдаланган.

Кема Россиянинг «соядаги флоти« деб аталадиган икки кемаси – эгалари яширин бўлиши мумкин бўлган ва санкцияланган нефт маҳсулотларини ташиш учун ишлатиладиган танкерлар флотилияси билан ёнма-ён ҳаракатланган.

Маълумотлар сохталаштирилгани туфайли океандаги кемалар ҳаракатини кузатиб борувчи сайтларда бошқарилувчи ракеталар билан қуролланган ушбу кўп мақсадли қўриқлаш кемаси фуқаролик кемаси сифатида кўрсатилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид