Иқтисодиёт | 09:23 / 15.10.2025
1755
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон афғон тадбиркорлари учун бизнес визаларини соддалаштириши мумкин

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси (ACCI) раиси ўринбосари Ариян Азимий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Фото: ССП

Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, хусусий секторлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда қуйидаги ташаббуслар илгари сурилди:

  • ҳар чоракда Тошкент, Кобул, Термиз ва Балх шаҳарларида B2B учрашувлар ташкил этиш;
  • ACCI ваколатхонасини Тошкентда очиш орқали инвестицион алоқаларни кучайтириш;
  • Афғонистон тадбиркорлари учун бизнес визаларини соддалаштириш ва таклифнома олиш жараёнини енгиллаштириш;
  • Термиз портида юк ташиш жараёнларини тезлаштириш ва божхона тартиб-таомилларини оптималлаштириш;
  • ҳар йили Кобул ва Тошкент (ёки Мозори Шариф ва Термиз)да қўшма савдо кўргазмаларини ўтказиш.

Томонлар ушбу ташаббусларни амалга ошириш икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, янги инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ва хусусий секторлар ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашув якунида Даврон Ваҳобов Афғонистон делегациясининг ташрифини икки мамлакат ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларда янги босқични бошлаб берувчи муҳим қадам сифатида қайд этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид