Жаҳон | 15:06 / 17.10.2025
3718
3 дақиқада ўқилади

Трамп ҲАМАС жангчиларига ўлим билан таҳдид қилди

Агар ҲАМАС жангчилари Ғазо секторида одамларни ўлдиришда давом этса, улар йўқ қилинади, деди АҚШ президенти Доналд Трамп. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Исроил билан ҳамкорлик қилганлар отиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Фото: Jehad Alshrafi/AP Photo/picture alliance

АҚШ президенти Доналд Трамп ҲАМАС жангчиларига ўлим билан таҳдид қилди. Агар бу ташкилот «Ғазо секторида одамларни ўлдиришда давом этса, ичкарига кириб, уларни ўлдиришдан бошқа чорамиз қолмайди», деб ёзди Оқ уй раҳбари 16 октябр, пайшанба куни ижтимоий тармоқдаги Truth Social саҳифасида. У Ғазо секторига қайси кучлар киришига аниқлик киритмади. Трамп дастлаб Ғазо секторида ҲАМАС жангчилари одамларни ўлдириши ҳақидаги хабарларга маълум даражада тушуниш билан жавоб берди: ҲАМАС «жуда ва жуда ёмон жиноий тўдалар»ни йўқ қилган ва у бундан хавотирланмади. «Ҳаммаси яхши», деди у 14 октябр куни.

Халқаро баёнотларга сабаб бўлган қирғинлар ҳақидаги хабарлар орасида Х ижтимоий тармоғида Ғазо шаҳри жанубида тахминан саккиз кишининг қатл этилгани тасвирланган видео ҳам бор эди. Гувоҳларнинг dpa ахборот агентлигига сўзларига кўра, ҲАМАС бу одамларни Исроил армияси билан ҳамкорликда айблаган. Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби воқеани даҳшатли деб атади. Фаластин маъмурияти ҳам эҳтимолий қатл ҳолатларини кескин қоралади.

Исроил ҲАМАС барча ҳалок бўлган гаровга олинганларни топширишни талаб қилди ва агар ўт очишни тўхтатиш келишуви бажарилмаса, Ғазо секторида жанговар ҳаракатларни давом эттириш билан таҳдид қилди. 15 октябр куни Исроил ҳукумати икки жасадни қабул қилди, шундан сўнг ҲАМАС ўзида бўлган барча гаровга олинганларнинг жасад қолдиқларини топширганини даъво қилди. Келишувга кўра, ҲАМАС жами 28 нафар гаровга олинган шахснинг жасадини топшириши шарт. Ҳозиргача 10 та жасад топширилган. Бироқ улардан бири Ғазонинг номаълум фуқароси эканлиги маълум бўлди.

АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ, агар ҲАМАС келишувнинг бир қисмини бажаришдан бош тортса, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга Ғазо шаҳридаги ҳарбий амалиётларни қайта бошлашига рухсат бериш масаласини кўриб чиқишини айтган эди. Трамп CNN телеканалига берган интервюсида Исроил кучлари «у айтган заҳоти» кўчаларга қайтиши мумкинлигини билдирди.

Президент Трамп аввалроқ ҲАМАСга келишувда кўрсатилганидек, қуролсизланмаса, ҳарбий зарбалар бериш билан таҳдид қилган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид