Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трансформатор ва кабеллар импортига бож оширилиши мумкин
Ўзбекистонда электр трансформаторларига импорт божи оширилиши мумкин. Бу масала июл ойида Ангренда трансформатор ишлаб чиқарувчи завод очилгани ортидан кун тартибига чиқмоқда. Бундан ташқари, симлар ва кабеллар учун ҳам бож оширилиши, ҳозирда божсиз олиб кирилаётган ярим ўтказгичли асбоблар учун эса бож киритилиши мумкин.
Фото: Dreamstime
Ўзбекистонда ярим тайёр мис симлар ва мис маҳсулотлари экспорти ҳамда ТИФ ТН коди 8504, 8541 ва 8544 бўлган товарлар импорти таҳлил қилинган ҳолда, зарур ҳолларда, тегишли божхона божи ставкаларига вақтинчалик ўзгартириш киритилиши мумкин. Бу 15 октябр куни имзоланган электротехника саноатини қўллаб-қувватлашга оид қарорда назарда тутилган.
Юқоридаги вазифа Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Хўжаевга юклатилган.
Мазкур божхона божлари божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида қайта ишланган маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилмаслиги назарда тутилган.
Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига кўра, юқорида назарда тутилган товар позицияларига қуйидаги товарлар киради:
· 8504 – электр трансформаторлари, статик электр ўзгартирувчилари (масалан, тўғрилагичлар), индуктивлик ғалтаги ва дросселлар. Амалдаги бож ставкаси – 5 фоиз.
· 8541 – ярим ўтказгичли асбоблар (масалан, диодлар, транзисторлар, ярим ўтказгичларга асосланган конверторлар); фототаъсирчан ярим ўтказгичли қурилмалар, шу жумладан, фотогалваник элементлар, модулларда йиғилган ёки йиғилмаган, панелларга ўрнатилган ёки ўрнатилмаган; бошқа ёруғлик чиқарадиган диодлар (LED) билан йиғилган ёки йиғилмаган ёруғлик чиқарадиган диодлар (LED); пьезоэлектрик кристаллар йиғилиши. Амалдаги бож ставкаси – 0 фоиз.
· 8544 – симлар изоляция қилинган (шу жумладан, эмалланган ёки анодланган), кабеллар (шу жумладан, коаксиал кабеллар) ва бошқа изоляцияланган электр ўтказгичлар, улагичлари бўлган ёки уланмаган; электр ўтказгичлари ёки улагичлари билан йиғилган ёки йиғилмаган алоҳида қопламали толалардан иборат оптик толали кабеллар. Амалдаги бож ставкаси – 10 фоиз.
Аввалроқ Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Ўзбекистонда мис сим экспортига бож киритилишини маълум қилганди.
Маълумот учун, 2025 йил июл ойида Ангренда трансформатор ишлаб чиқариш заводи ишга туширилган. Лойиҳа “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Хитойнинг “Holley Technology Ltd” МЧЖ томонидан амалга оширилган.
Корхонада 6-10 кВли тарқатиш тармоқлари учун 25-3150 кВА қувватли трансформаторлар ва 35 кВ тарқатиш тармоқлари учун 100-2500 кВА қувват трансформаторлари ишлаб чиқарилади. Корхона йилига 15 мингта турли қувватдаги трансформаторларни ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Мавзуга оид
09:21 / 04.12.2025
Айрим озиқ-овқат маҳсулотларини божсиз олиб чиқиш меъёрлари эълон қилинди
22:06 / 27.11.2025
Олтин нархининг ошиши ёки тушиши: бу Ўзбекистон учун қай даражада аҳамиятли?
15:08 / 27.11.2025
Божхона кодексига қўшимча божлар бўйича ўзгартишлар киритилди
11:09 / 26.11.2025