Ўзбекистон | 21:07 / 20.10.2025
4453
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 150 млн долларлик тиббиёт кластери ташкил этилади

Катталар учун кўп тармоқли замонавий тиббиёт маркази қурилиши бошланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тошкент шаҳрида Корея Эксимбанки билан ҳамкорликда замонавий тиббиёт кластери ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, Корея Республикасининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида Катталар учун кўп тармоқли замонавий тиббиёт маркази лойиҳасини амалга ошириш бўйича бош пудратчи сифатида танланган Kyeryong консорциуми раҳбари ва Соғлиқни сақлаш вазири ўртасида шартнома имзоланди ҳамда қурилишга старт берилди.

Мазкур лойиҳа умумий қиймати 149,8 млн АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 124 млн доллар — Корея Эксимбанки орқали EDCF кредит маблағлари, 25,8 млн доллар эса — Ўзбекистон Республикасининг улуши ҳисобланади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши билан жаҳон стандартларига мос келадиган, IV даражали, қуввати 300 ўринли бўлган янги шифохона биноси барпо этилиб, бу ерда 700 нафардан ортиқ ходим учун янги иш ўринлари яратилади.

130 нафар ўзбекистонлик тиббиёт ходими малака ошириш учун Корея Республикасига юборилади, 32 нафар кореялик юқори малакали мутахассис Ўзбекистонга жалб этилади.

Таъкидланишича, шифохонада йилига 8,5 мингта юрак қон-томир хирургияси, трансплантология, нейрохирургия, реабилитация, орқа мия ва бўғим оғриқлари билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик оперaцияларни ўтказиш имкони бўлади.

Маълумот ўрнида, 2020 йилда Тошкентда EDCF иштирокида имкониятлари ва йўналиши жиҳатдан Марказий Осиёда ягона бўлган тиббиёт муассасаси — Болалар миллий тиббиёт маркази барпо этилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид