Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг вазифалари белгиланди
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Фото: Kun.uz
Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази негизида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Агентлик амалдаги штат бирликларини сақлаб қолган ҳолда давлат муассасаси шаклида ташкил этилди.
Ҳужжат билан тасдиқланган агентлик тўғрисидаги низом қуйидагиларни белгилайди:
- агентликнинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари;
- агентликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- раҳбарларнинг асосий функционал вазифалари ва мажбуриятлари;
- агентлик фаолиятини ташкил этиш, унинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби;
- агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш, ходимларни моддий рағбатлантириш тартиби.
Агентликнинг асосий вазифалари:
- чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона нормалар, қоидалар ва стандартларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва жорий этиш;
- чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;
- ўз соҳаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, республика ва ҳудудий дастурлар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- чиқиндилар ҳосил бўлиши нормативларини белгилашда ва уларни жойлаштириш объектларини ташкил этишда иштирок этиш;
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими узлуксиз ишлашини таъминлаш;
- соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш, ДХШ битимларини амалга оширишда иштирок этиш;
- соҳани рақамлаштириш, замонавий АКТни жорий этиш.
Шунингдек, агентлик республикада маиший, қурилиш, суюқ, токсикологик-кимёвий, тиббий ва электрон чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш, уларни қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш, "нол чиқинди" тамойилини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан шуғулланади.
Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш натижасида энергия ресурслари, хомашё ва материаллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали республикада циклик иқтисодиётни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Чиқинди полигонлари ҳудудида чиқиндиларни йиғиш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, ёқиш, утилизация қилиш ва кўмиш учун эко-индустриал зоналар ташкил этилади.
Мавзуга оид
15:43 / 03.12.2025
Олий таълим тизими фаолиятини тартибга солувчи янги низом қабул қилинади
16:18 / 02.12.2025
Хизмат йўқ, лекин тўлов бор: 5 та чиқинди ташиш корхонасининг қонунбузарлиги аниқланди
09:37 / 02.12.2025
Стационар беморларни бошқа тиббиёт муассасасига бепул ўтказиш тартиби жорий этилди
20:22 / 30.11.2025