Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ҲАМАС яна бир гаровга олинган шахснинг жасадини Исроилга топширди
ҲАМАС жангчилари яна бир гаровга олинган шахснинг жасадини Исроилга топширди. ЦАҲАЛ жасад қолдиқларини экспертиза учун юборди. ҲАМАСда гаровга олинган 15 кишининг жасади бор.
ҲАМАС гуруҳи яна бир гаровга олинган шахснинг жасадини Исроилга топширди, деб хабар берди The Times of Israel 20 октябр, душанба куни. Ғаровга олинган шахснинг жасадини ҲАМАС жангчилари Қизил Хоч ташкилоти вакилларига Ғазо сектори жанубида топширди. Аввалги ҳолатлар сингари, Қизил Хоч Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ)ни хабардор қилди ва кейин тобутни Исроил ҳарбийларига топширди.
«Гаровга олинган шахснинг жасади ЦАҲАЛ ходимлари томонидан Исроил чегарасидан олиб ўтилди ва шахсни аниқлаш бўйича Миллий суд-тиббиёт институтига олиб кетилмоқда», — дея тасдиқлади ҳарбийлар. Исроил томони тобутни кўздан кечиришни, кейин уни Исроил байроғи билан ёпишни ва ҳарбий раввин бошчилигида қисқа маросим ўтказишни режалаштирмоқда, деб ёзади The Times of Israel. Жасаднинг шахсини аниқлаш икки кунгача давом этиши мумкин, дея таъкидлайди нашр.
Бу жасад топширилгунга қадар ҲАМАСда 16 нафар ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасади бўлган, деб ёзади The Times of Israel. Ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирган 10 октябрдан бери жами 13 та жасад қайтарилди.
Куни кеча эришилган сулҳ битими хавф остида қолди. 19 октябр куни эрталаб Исроил армияси ҲАМАСни исроиллик аскарларга ҳужум қилганликда айблади. Бунга жавобан Исроил Ғазо сектори бўйлаб ҲАМАСнинг ўнлаб нишонларига зарба берди ва 20 октябр эрталабгача секторга гуманитар ёрдам етказишни тўхтатди.