Жаҳон | 12:13 / 23.10.2025
2465
3 дақиқада ўқилади

Франция ИИВ: Саркози Париждаги қамоқхонада қўшимча ҳимояга олинди

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози Париждаги Санте қамоқхонасида полиция томонидан қўшимча ҳимояга олинди. ИИВда айтишларича, сиёсатчига хавф туғилиши мумкин. Қамоқхона ходимлари касаба уюшмаси бу биринчи шундай ҳолат эканини таъкидламоқда.

Фото: Benoit Tessier / Reuters

Франция Ички ишлар вазири Лоран Нунес кеча, чоршанба — 22 октябр куни CNews телеканали ва Europe 1 радиостанциясига маълум қилишича, Париждаги Санте қамоқхонасида бўлган вақтда Николя Саркозини икки нафар полиция ходими қўшимча тарзда қўриқламоқда — улар қўшни камерага жойлаштирилган.

«Собиқ президент ўз мақомига кўра ҳимояга ҳақли. Аниқки, унга хавф таҳдид қилмоқда. Шу боис у ҳибсда бўлган пайтда ушбу ҳимоя таъминланади», — деди Нунес. Вазирнинг сўзларига кўра, Саркозига қўшни камерада собиқ президентларни қўриқлашга ихтисослашган бўлинмага мансуб икки полициячи навбатда туради ва улар бутун жазо муддати давомида шу ерда бўлади.

Нунес бу чора қамоқхона маъмурияти билан келишилганини айтди. Бироқ қамоқхона ходимлари касаба уюшмаси Саркози учун қўшимча ҳимояни кескин танқид қилди. «Бу гўё биз ўз ишимизни бажармас эканмиз, дегандек кўринади», — деди касаба уюшмаси вакили Вилфрид Фонк RTL телеканалига. У 25 йиллик хизмат давомида «ҳеч қачон бундай ҳолатга дуч келмаганини» қўшимча қилди.

Бундан ташқари, BFM TV телеканали маълумотига кўра, Саркози билан икки нафар котиба ишлашда давом этмоқда — улар почталарини саралайди ва телефон қўнғироқларига жавоб беради.

Саркозининг ҳимоячиси маълум қилишича, Санте қамоқхонасида маҳбуслар якка камераларда сақланади ва сайр вақтида ҳам алоҳида бўлади. Бу сиёсатчи бошқа маҳбуслар билан мулоқот қилмаслигини англатади.

Одатда, Париждаги ушбу қамоқда овқатни маҳбуслардан бири навбат асосида тарқатади. Саркозига нисбатан истисно қўлланган: таомни унга қамоқхона ходими олиб келади.

Ҳимоячи қўшимча қилишича, Саркозининг камераси — 9 кв метр ва жуда шовқинли. 70 ёшли сиёсатчига кунига бир соатдан тор жойланган ҳовлида сайр қилишга рухсат берилади. Ҳафтасига уч марта уни кўриш учун ташриф буюриш мумкин. Саркози қамоқда спорт билан шуғулланиш ва китоб ёзишни ният қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид