Жаҳон | 15:33 / 23.10.2025
4122
2 дақиқада ўқилади

Германияда қайси касбларда муҳожирлар энг кўп экани маълум қилинди

Германия Федерал статистика идораси маълумотига кўра, муҳожирлар энг кўп учрайдиган касблар — пайвандчи, ошпаз ва қурилиш соҳаси мутахассислари. Энг кам мигрантлар ва уларнинг фарзандлари эса полициячи ва қутқарувчилар орасида.

Фото: Getty Images

2024 йил якунлари бўйича Германияда ишлаётган аҳолининг чорак қисмидан кўпроғи (26 фоиз) муҳожирлар ва уларнинг авлодларидан иборат бўлди. Айрим тармоқларда уларнинг улуши тахминан яримгача етади, деб хабар берди ФРГ Федерал статистика идораси чоршанба, 22 октябр куни.

Статистик ҳисоб-китоблар 1950 йилдан кейин ўзи ёки ота-онаси Германияга келган шахсларни қамраб олди. Улар энг кўп учрайдиган касбий йўналишлар қуйидагилар: пайвандлаш техникаси (60 фоиз), ошпазлик ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш (54 фоиз), қурилиш ускуналарини ўрнатиш (48 фоиз), жамоат транспорти ҳайдовчилиги (47 фоиз), гўштни қайта ишлаш (46 фоиз), овқатланиш муассасаларида хизмат кўрсатиш (45 фоиз).

Шу кўрсаткич бўйича бошқа етакчи соҳалар: пластмасса ва резина ишлаб чиқариш (44 фоиз), меҳмонхона бизнеси (40 фоиз), юк машинаси ҳайдовчилиги (39 фоиз), металлга қайта ишлов бериш (37 фоиз), қарияларга қараш (33 фоиз).

Муҳожирлар ва уларнинг авлодлари энг кам учрайдиган йўналишлар: полиция (7 фоиз), тезкор-қутқарув хизмати ходимлари (8 фоиз), давлат ва суғурта муассасалари ходимлари, бошланғич синф ўқитувчилари ва юристлар (ҳар бири бўйича 9 фоиз), солиқ инспекцияси ходимлари (10 фоиз).

Ушбу маълумотлар 2024 йилда Германияда 15 ёшдан катта аҳолининг 1 фоизи иштирокида ўтказилган микросўровнома асосида олинган. Бунда хонадони ёки уйи бўлмаган, балки ётоқхона/ижтимоий турар жойларда яшовчи шахслар ҳисобга олинмаган. Шу сабабли кўплаб қочқинлар статистикага киритилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид