Жамият | 16:59 / 23.10.2025
7970
3 дақиқада ўқилади

ИИБ ходимига 50 минг доллар пора бермоқчи бўлган шахс ушланди

Ижтимоий тармоқларда қимор ўйинларини ташкил этиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган. Гуруҳ аъзоларидан бири Тошкент шаҳар ИИББнинг раҳбар ходимларидан бирига жиноят иши қўзғатмаслик эвазига 50 минг доллар таклиф қилган. Ходимнинг аризасига асосан ўтказилган тадбирда пора бераётган шахс ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: ИИБ

Ижтимоий тармоқларда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш, шунингдек, хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш фаолиятини амалга ошириб келган бир нечта шахслардан ташкил топган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Қўлга олинган жиноий гуруҳ аъзолари хорижий онлайн қимор компанияларига хизмат кўрсатиб, қимор ўйинлари орқали олинган маблағларни турли криптовалюта платформалари орқали ўтказган ва легаллаштирган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида тўрт дона мобил телефон ва пул ювиш учун фойдаланилган 21 дона банк карталари, шунингдек, бир дона ноутбук ашёвий далил сифатида олинди. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тергов бўлимига топширилган.

Мазкур ҳолат бўйича олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида гумонланувчи шахс ўзи ва шерикларини жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул раҳбарларидан бирига 50 000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади.

«Фуқаро Э.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича қонуний чора кўрмаслик ҳамда келгусида ушбу жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириш бўйича менга 50 000 АҚШ доллари беришини таклиф қилиб, мен унга, фуқаро Э.га ушбу хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси, яъни пора бериш билан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилишини огоҳлантиришимга қарамасдан, ушбу 50 000 АҚШ доллари таклифларини беравергандан сўнг, мен ўрнатилган тартибда бош бошқарма бошлиғига ёзма равишда мурожаат қилдим», дейди пора таклифини олган ходим.

Ички ишлар ходими ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбариятига билдирги орқали мурожаат қилади. Ходимнинг билдиргиси асосида Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва прокуратура ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи Ички ишлар органлари масъул раҳбарининг хизмат хонасига кириб, пора тариқасида 50 000 АҚШ долларини берган вақтида далилий ашёлар билан ушланди ва бу жараён холислар иштирокида баённома асосида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид