Жаҳон | 13:35 / 24.10.2025
3669
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Европадан Украинага "Томагавклар" етказиб беришга чақирди

Володимир Зеленский Американинг Tomahawk ракеталарини Европа захираларидан Украинага ўтказишга чақирди. Владимир Путин бу «эскалацияга уриниш» эканини ва Москванинг жавоби «ҳайратланарли» бўлишини айтди.

Фото: eddtoro35/Depositphotos/Imago

Украина Европа захираларидан Американинг узоқ масофали Tomahawk ракеталарини қабул қилиши мумкин. Украина президенти веб-сайтига кўра, Володимир Зеленский бу чақириқни 23 октябр, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи етакчилари саммитида билдирган.

Зеленский узоқ масофали қуроллардан фойдаланиш Владимир Путинга уруш оқибатларини ҳис қилишига сабаб бўлишини айтди. «Мен сизларни Украинанинг бундай имкониятларга эга бўлишига ёрдам берадиган ҳар қандай нарсани қўллаб-қувватлашга чақираман, чунки бу Россияга сезиларли таъсир кўрсатади», деди сиёсатчи Европа етакчиларига мурожаат қилиб.

«Узоқ масофали қуроллар нафақат АҚШда, балки баъзи Европа мамлакатларида, жумладан, "Томагавклар" мавжуд. Биз аллақачон ёрдам бера оладиган мамлакатлар билан гаплашмоқдамиз. Ва бу мавзу кўтарилганда Путин қанчалик асабийлашганига қаранг. У узоқ масофали қуроллар уруш йўналишини чиндан ҳам ўзгартириши мумкинлигини тушунади», деб давом этди Владимир Зеленский.

У Европани музлатилган Россия активларини иложи борича тезроқ Украинага ўтказишга чақирди. «Биз бу маблағларнинг катта қисмини Европа қуролларини сотиб олиш учун ишлатишни режалаштирмоқдамиз», деб ваъда берди Зеленский.

«Бу пул сизга ҳам, бизга ҳам ёрдам бериши мумкин. Энди у бизни мустаҳкамлаш учун ишлатилиши мумкин: Украинанинг ҳаво мудофааси, ҳаво кучлари ва фронт чизиғидаги позицияларни. Бу ҳаётни сақлаб қолиш демакдир», деди Украина президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид