Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Касбий таълим бошқаруви янгиланади: янги агентлик тузилди
Президентнинг “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Касбий таълим агентлиги ташкил этилди.
Янги агентлик касбий таълимни ривожлантиришда самарали ва яхлит бошқарув тизимини шакллантиришни мақсад қилади. Агентлик қуйидаги йўналишларда масъул бўлади:
- техникумлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва касбий таълим соҳасини бошқариш;
- касбий таълим дастурлари мазмуни, малака даражалари, ўқитишнинг минимал муддатлари, битирувчилар билимини баҳолаш мезонлари ҳамда ўқув-методик таъминотга қўйиладиган талабларни белгилаш;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда “ваучер” тизими билан қамраб олинмаган шахсларни касбга ўқитиш;
- Миграция агентлигининг хорижий иш берувчилар эҳтиёжига асосланган буюртмалари бўйича фуқароларни касбга ва хорижий тилларга ўқитиш.
2027 йил 1 январдан иқтисодиёт тармоқларидаги иш ўринларига босқичма-босқич Миллий малака рамкасининг тегишли даражасига мос диплом (ёки малака сертификати)га эга ходимларни ишга қабул қилиш тизими жорий этилади. Бу меҳнат бозорида талаб қилиниши мумкин бўлган аниқ компетенцияларни тасдиқлайди ва кадрлар сифатига оид мезонларни аниқлаштиради.
Давлат касбий таълим муассасаларига таълим хизматлари нархини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилаш ва мутахассисларни тўғридан тўғри шартнома асосида жалб қилишга рухсат берилади.
Касбий таълимни ривожлантириш бўйича ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари тузилади — бу бизнес, таълим ва давлат шериклигини мустаҳкамлаб, маҳаллий эҳтиёжга мос дастурлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Ислоҳотлар натижасида касбий таълимда бошқарув барқарорлиги, дастурлар меъёрий-услубий ягона стандарти, меҳнат бозорига мувофиқ кадр тайёрлаш, шунингдек, аҳоли бандлигини оширишга қаратилган мақсадли ўқитиш механизмлари кучаяди.