Спорт | 22:23 / 26.10.2025
17375
3 дақиқада ўқилади

«Реал» Эл-Класикода «Барселона»ни мағлуб этди

Ашаддий рақиблар Испания чемпионати 10-турида Мадридда тўқнашди. Мухлислар ўйинда анъанавий қизғин курашлар, ҳисобга олинмаган бир қанча голлар, амалга оширилмаган пенальти ва қизил карта гувоҳи бўлди.

Фото: REUTERS

26 октябрь куни «Реал» ва «Барселона» Испания чемпионати 10-турида Мадридда тўқнашди.

2-дақиқада мезбонлар вингери Винисиус Жуниор рақиби Ламин Ямалнинг оёғига тегиб, рақиб жарима майдончаси ичида йиқилиб тушди. Бош ҳакам Сесар Сото Градо 11 метрлик нуқтани кўрсатди, бироқ видеоёрдамчиларнинг маслаҳати билан мониторда эпизоднинг такрорий лавҳасини кўриб, қарорни бекор қилди.

«Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе 12-дақиқада ҳисобни очди. Аммо кўп ўтмай ҳакам ассистентларнинг ишорасидан сўнг, офсайд сабаб голни бекор қилди. Такрорий лавҳадан сўнг, Мбаппенинг болдир қисми офсайдда экани маълум бўлди.

«Реал» ҳужумчиси барибир ниятига етди ва 22-дақиқада Жуд Беллингем узатмасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. Натижада, Мбаппе кетма-кет тўртинчи класикода гол урди.

«Барселона» футболчиси Фермин Лопес 38-дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, Жуд Беллингем 43-дақиқада «Реал»ни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.

52-дақиқада Килиан Мбаппе пенальтини аниқ амалга оширолмади. Унинг зарбасини дарвозабон Войцех Шченсни қайтара олди.

Қолган дақиқалар қизғин курашлар остида ўтган бўлса-да, мухлислар бошқа гол кўрмади.

Сўнгги дақиқада «Барселона» футболчиси Педри иккинчи сариқ карта туфайли майдондан четлатилди.

Бу натижадан сўнг, «Реал» 27 очко тўплаб, пешқадамликни мустаҳкамлади. «Барселона» 22 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Испания чемпионати, 10-тур

26 октябрь, Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони

Реал (Мадрид) 2:1 Барселона

Голлар: Килиан Мбаппе (22), Жуд Беллингем (43) – Фермин Лопес (38)

Амалга оширилмаган пенальти: Килиан Мбаппе (52, дарвозабон)

Судья - Сесар Сото Градо (Толедо).

«Реал»: Тибо Куртуа, Федерико Валверде (Даниэл Карвахал 72), Эдер Милитао, Дин Хёйсен, Алваро Каррерас, Орельен Чуамени, Эдуарду Камавинга, Арда Гюлер (Браим Диас 66), Жуд Беллингем (Дани Себальос 90), Килиан Мбаппе (Гонсало Гарсия 90), Винисиус Жуниор (Родриго 72)

Бош мураббий: Хаби Алонсо

«Барселона»: Войцех Шченсни, Жюл Кунде, Пау Кубарси (Руни Бардагчи 83), Эрик Гарсия (Марк Касадо 74), Алехандро Балде (Жерар Мартин 90), Фрэнки де Йонг, Педри, Ламин Ямаль, Фермин Лопес, Маркус Рэшфорд, Ферран Торрес (Роналд Араухо 74)

Бош мураббий: Ҳанс-Дитер Флик

Огоҳлантиришлар: Федерико Валверде (23), Педри (42), Дин Хёйсен (57), Фермин Лопес (90)

Четлатиш: (Педри 90+9)

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид