Жаҳон | 11:30 / 27.10.2025
3324
2 дақиқада ўқилади

КИП Туркиядан қуролли тузилмаларини чиқараётганини эълон қилди

КИП ўз қуролли гуруҳларини Туркия ҳудудидан чиқараётганини ва бу қадам Анқара ҳукумати билан тинч йўл билан тартибга солиш жараёни доирасида амалга оширилаётганини маълум қилди. Анқарада мазкур қадам қўллаб-қувватланди.

Фото: Sterk tv

Курдистон ишчи партияси (КИП) ўз қуролли тузилмаларини Туркия ҳудудидан чиқаришини эълон қилди. Партия раҳбариятининг бу ҳақдаги баёноти якшанба, 26 октябр куни партияга яқин ANF ахборот агентлиги орқали очиқланди. Ҳужжатда қуролли тузилмалар Ироқнинг шимолига кўчирилиши тасдиқланган.

Мазкур қадам КИП ва Туркия ҳукумати ўртасидаги тинчликка эришиш жараёни доирасида қўйилгани урғуланган. Баёнотда Анқара ҳукуматини тинчлик келишувларидаги мажбуриятларини бажаришга ва курдларни интеграция қилиш бўйича қонунлар қабул қилишга чақирув ҳам бор.

Туркияда ҳокимиятдаги "Адолат ва тараққиёт" партияси (АТП) КИП қуролли тузилмаларининг мамлакат ҳудудидан чиқарилиши ҳақидаги хабарни «терроризмга қарши кураш йўлида муҳим босқич» сифатида олқишлади.

Май ойида КИП раҳбарияти партиянинг ташкилий тузилмасини тугатиш ва партия раҳбари, Мармар денгизидаги турк оролида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Абдуллоҳ Ожалан чақириғига мувофиқ «қуролли кураш усулларидан фойдаланишни тўхтатиш» ҳақида қарор қабул қилганини хабар қилган эди. Июл ойида эса Курдистон ишчи партияси қуролсизланиш жараёнини бошлади.

Курдистон ишчи партияси 1978 йилда Туркияда тузилган. У Туркия давлатига қарши ва курдлар ҳуқуқлари йўлида кураш олиб боради. AFP агентлиги маълумотларига кўра, КИП билан турк армияси ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар давомида тахминан 45 минг киши ҳалок бўлган. Отишмани тўхтатиш 2013 йилда эълон қилинган бўлса-да, 2015 йил ёзида тинчлик жараёни тўхтаб қолган.

Германияда КИП 1993 йилдан бери экстремистик ташкилот сифатида тан олинган. Шунингдек, у АҚШ, ЕИ, Буюк Британия, Канада ва Австралия томонидан террористик ташкилот деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид