Жаҳон | 15:25 / 27.10.2025
3917
5 дақиқада ўқилади

Полша бош вазири Туск Украинадаги “абадий уруш” ҳақида огоҳлантирди

Полша бош вазири РФ президенти Владимир Путин билан Украина борасида тузиладиган исталган келишув “имзолашга сарфланадиган сиёҳга ҳам арзимайди” деб ҳисоблайди. Сиёсатчининг фикрича, РФда кескин ўзгаришлар содир бўлмагунча, гап “доимий, абадий уруш” ҳақида бориши мумкин.

Фото: Getty Imagеs

Бу фикрларни Полша бош вазири Дональд Туск шанба, 25 октябр куни The Sunday Times нашри чоп этган интервюсида билдирди.

Тускнинг айтишича, Киевда уруш янада чўзилса, аҳоли ва Украина иқтисоди учун унинг нархи қай даражада оғир бўлиши мумкинлиги борасида хавотир бор.

“Мен Украина мустақил давлат сифатида яшаб қолишига шубҳа қилмайман. Ҳозирги асосий савол — қурбонлар сони қанча бўлади. Президент (Украина раҳбари Володимир. — таҳр.) Зеленский (23 октябр. — таҳр.) менга уруш ўн йилга чўзилиб кетмаслигига умид қилишини, аммо Украинанинг яна икки-уч йил курашишга тайёрлигини айтди”, — деди Полша ҳукумати раҳбари.

Уруш Россия иқтисодиётига ҳам зарар етказаётганини билдирган Тускнинг таъкидлашича, Москва узоқ муддатли истиқболда “омон қолиш имконига эга эмас”, вазият АҚШнинг янги нефт санкциялари билан янада оғирлашган.

Шу билан бирга, Туск ички муаммолар Путинни янада тажовузкор қилишини айтди ва Оқ уй раҳбари Доналд Трампнинг Москвага нисбатан янги ёндашуви қай даражада “барқарор” бўлишига шубҳа билдирди.

“Руслар (иқтисодий жиҳатдан. — таҳр.) жуда оғир аҳволда. Бу биз ғалаба қозонаётганимизни англатадими? Йўқ, асло. Улар Ғарбга, айниқса Европага нисбатан битта катта устунликка эга: курашишга тайёр... уруш вақтида бу ҳал қилувчи масала. Агар курашишга тайёр бўлмасангиз ёки, камида, бирор нарсадан воз кечмасангиз, ғалабага умид йўқ”, — дея урғулади бош вазир.

Туск Буюк Британияни ҳам НАТО ва РФ ўртасида уруш чиқса, “четда қолиш” ҳақидаги “ширин хаёл” билан яшамасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, май ойида Киевга қўшма ташриф давомида Британия бош вазири Кир Стармер унга Лондондаги Кентиш-Таунда собиқ уйига қатор ёнғин қўйиш ҳолатлари қайд этилганини, уларни, эҳтимол, рус разведкаси ташкил этганини айтган. Туск Британия жамоатчилигининг бу воқеага бефарқ муносабатидан ҳайратда қолганини қўшимча қилди.

“Муаммо шундаки, Британияда бу ҳеч кимни ҳайратга солмади. Очиғини айтсам, мен шокка тушдим. Бу ҳақда британ матбуоти ёзгандан кейин ҳам реакция худди ‘Арсенал’ билан ‘Ливерпул’ ўртасидаги футбол ўйини ҳақида гап кетаётгандек бўлди. Агар руслар бундай ишни режалаштиришга ва амалга оширишга тайёр ва қодир бўлса, демак, улар ҳаммасига тайёр ва қодир”, — деб ҳисоблайди у.

Полша бош вазири таъкидлашича, агар Москва Беларус ёки Калининградда “Орешник” гипертовушли баллистик ракеталарини жойлаштирса, Лондонни ҳам қўшиб, исталган Европа пойтахтига ядровий зарба бериш имконига эга бўлади.

“Хавф, биринчи навбатда технологик жиҳатдан, глобал ва универсал тусга эга”, — деди у. Унга кўра, Полша темирйўллари ва шифохоналарини таъминлайдиган инфратузилма аллақачон киберҳужумларга учраяпти. “Шу боис узоқдасиз, бу сизнинг урушингиз эмас, фақат Украинаники ёки Полшаники, деб ўйлаш каби ширин хаёлда яшаб бўлмайди”, — дея қайд этди нашр суҳбатдоши.

Бундан олдин, 22 сентябр куни, Туск Полша ўз ҳаво ҳудуди бузилган ҳолларда қатъий чора кўришини айтган эди.

“Ҳаво ҳудудимизга кириб келган ва Полша устида учадиган объeктларни уриб тушириш ҳақида қарор қабул қиламиз — бу борада ҳеч қандай шубҳа йўқ”, — деди у матбуот анжуманида.

“Бироқ яқинда Petrobaltic платформаси устида Россия самолётлари парвози каби — аниқ бузилиш бўлмаган ҳолларда (чунки бу бизнинг ҳудудий сувлар эмас) — можарони кескин босқичга олиб бориши мумкин бўлган ҳаракатлар тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин ростдан ҳам яхшилаб ўйлаш керак”, — дея Reuters унинг сўзларини келтиради.

Шу билан бирга, Туск иттифоқчилар бундай ҳаракатларга “айнан биз сингари” муносабатда бўлишига юз фоиз ишонч ҳосил қилиш лозимлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид