Жаҳон | 21:20 / 27.10.2025
3799
2 дақиқада ўқилади

Трамп учинчи президентлик муддатига номзодини қўйиши мумкинлигини айтди

АҚШ Конституцияси буни тақиқлайди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат Конституцияси икки мартадан ортиқ давлат раҳбари лавозимини эгаллашни тақиқлашига қарамай, учинчи муддатга ўз номзодини илгари суриш имкониятини тасдиқлади, деб ёзди The Independent. Бу ҳақда у журналистларга маълум қилди.

Мухбир Трампдан конституциявий чекловга судда эътироз билдиришга тайёрмисиз, деб сўраганида, президент бу ҳақда ўйлаб кўрмаганини айтган. Бироқ, у «сўровномалар бўйича барча даврлардаги энг яхши кўрсаткичларга» эга эканини ва буни «бажонидил» бажаришини қўшимча қилди. Трамп республикачилардан бўлиши мумкин бўлган бошқа номзодлар қаторида вице-президент Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубиони тилга олди.

АҚШ Конституциясига киритилган 22-тузатиш икки мартадан ортиқ президентликка сайланишни тақиқлайди. Шунга қарамай, Трамп учинчи муддат ғоясини қўллаб-қувватлаб, «саккизта урушни якунлагани ва миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолганини» айтди.

Трамп учинчи муддатга номзодини қўйиши учун АҚШ Конституциясига ўзгартириш киритишга тўғри келади. Аммо бу дунёдаги энг мураккаб ва пухта ўйланган механизмлардан бири - ўзгаришлар фақат кенг миллий консенсус билан қабул қилинади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид