Жаҳон | 11:56 / 28.10.2025
1865
3 дақиқада ўқилади

Литва Беларусга чегара кейинги огоҳлантиришгача ёпилгани ҳақида маълум қилди

Литва Ташқи ишлар вазирлиги бу Болтиқ давлати ҳаво ҳудудининг «доимий равишда бузилиши» муносабати билан Беларусга қатъий норозилик билдирди ва умумий чегара расмий равишда кейинги огоҳлантиришга қадар ёпилаётганини эълон қилди. Минск эса Вилнюсни «аҳоли манфаатларига қарши ҳаракатлар»да айблади.

Фото: AP

Литва Беларусга нисбатан «кескин норозилик»ни яна бир бор билдирди, деб хабар қилди Литва ТИВ душанба, 27 октябр кечқурун. «Литва Беларус давлат органларининг атайин ҳеч қандай чора кўрмаслигини гибрид ҳужум деб ҳисоблайди ва давлат чегарасини кейинги огоҳлантиришга қадар ёпади», — дейилади вазирликнинг X ижтимоий тармоғидаги баёнотида.

Бундан олдин Литва бош вазири Инга Ругинене ҳукумат метеозондларнинг ҳаво ҳудудига ҳужумлари давом этаётгани шароитида Беларус билан чегарани номаълум муддатга ёпишини маълум қилган эди. Бундан ташқари, Литва ҳарбийлари «ҳаво шарларини уриб тушириш учун кинетик чораларни фаол қўллай бошлайди».

Ругинене, шунингдек, Литва ТИВга Беларусга нисбатан қўшимча ЕИ санкцияларини жорий этишга эришиш ҳамда Полша ва Латвия билан кейинги чораларни муҳокама қилиш вазифасини қўйди. Унинг сўзларига кўра, Вилнюсдаги ҳукумат НАТОга Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ хавфсизлик масалалари юзасидан маслаҳатлашувлар учун мурожаат этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Литванинг Минскдаги муваққат ишлар вакили Эрикас Вилканецас 27 октябр куни Беларус ТИВга чақирилди. Вазирлик маълумотига кўра, унга Вилнюснинг ҳеч қандай олдиндан огоҳлантиришсиз умумий чегарани «бир томонлама ёпиш» қарори муносабати билан нота топширилди. Минск бу қарорни «аҳоли манфаатларига қарши ҳаракат» деб баҳолади.

«Қарор нафақат Беларус, балки Литва фуқаролари, шунингдек Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар фуқароларининг ҳуқуқларига ҳам тааллуқли бўлиб, Вилнюснинг эркин ҳаракатланишнинг асосий тамойилларига қанчалик беписанд қарашини яққол кўрсатади», — деб хабар қилди Беларус ТИВ.

Литва Давлат чегарасини қўриқлаш хизматига кўра, 2025 йил бошидан буён мамлакат ҳаво ҳудудига Беларус томонидан келиб тушаётган ҳаво шарлари — метеозондлар — бўйича ярим мингга яқин ҳолат қайд этилган. Улар чегарадa сигарет контрабандаси учун қўлланади.

Сўнгги ҳафталарда метеозондлар бевосита Вилнюс халқаро аэропортигача яқинлашди, шу сабаб у бир неча бор парвозларга чекловлар киритди. Шунингдек, шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли охирги кунларда Каунас аэропорти ҳам вақтинча ёпилди.

26 октябр куни Литва президенти Гитанас Науседа Калининград вилоятига транзитни чеклаш ва контрабандачиларнинг аэростатлари мунтазам равишда мамлакат ҳаво ҳудудига кириб қолаётгани муносабати билан Беларус билан чегарани узоқ муддатга ёпишни таклиф этди. Шубҳали сигарета контрабандаси учун қўлланаётган бундай ҳаво шарлари Латвия ва Полша чегарачилари томонидан ҳам аниқланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид