Жаҳон | 09:41 / 29.10.2025
2991
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторига зарба берди

Исроил қўшинлари сектор жанубида ЦАҲАЛ ҳарбийлари ўққа тутилганидан кейин яна Ғазодаги ҲАМАС гуруҳи нишонларига зарба берди. Бу ҳақда сешанба, 28 октябрь куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу девони хабар берди.

Фото: Dawoud Abu Alkas/REUTERS

«Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлардан сўнг бош вазир Нетаняҳу ҳарбийларга дарҳол Ғазо сектори бўйлаб кучли зарбалар беришни буюрди», — дейилади хабарда.

ОАВ маълумотларига кўра, Исроил ҳаво зарбалари секторнинг жанубига, шунингдек Ғазо шаҳрига йўналтирилган. ҲАМАС назоратидаги маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўққиз қурбон ҳақида хабар берди. Улар тинч аҳолими ёки жангчиларми — аниқ эмас.

Бундан аввал Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац ҲАМАС жангчиларини Ғазо секторида ЦАҲАЛ ҳарбийларига ҳужум қилишда ва оташкесимни бузишда айблади. У ҳодиса айнан қаерда содир бўлганини очиқламаган. ОАВга кўра, ҳужум Миср билан чегарадаги Рафаҳ шаҳри яқинида рўй берган.

Бу — Ғазодаги оташкесим хавф остида қолган ва ЦАҲАЛ ҲАМАС нишонларига зарбалар берган илк ҳолат эмас. Аввалроқ бундай вазиятлар 19 ва 25 октябр кунлари ҳам кузатилган эди.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс 28 октябр куни журналистлар саволига жавоб бериб, «оташкесим сақланиб турибди», деди. «Бироқ бу умуман кичик тўқнашувлар бўлмайди дегани эмас», — дея қўшимча қилди у.

Вэнснинг айтишича, ЦАҲАЛ ҳарбийлари ҲАМАС жангчилари ёки «Ғазо секторидан қайсидир кимса» томонидан ўққа тутилган. «Биз Исроил бунга жавоб беришини кутамиз. Аммо ўйлайманки, президент (Трамп) эришган тинчлик сақланиб қолади», — дея хулоса қилди АҚШ вице-президенти.

2023 йил 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми Яқин Шарқда кескинлашувнинг бошланиши бўлди. Ўшанда жангчилар Исроилга ракета зарбалари бериб, унинг ҳудудига кириб борди ва тахминан 1200 кишини ўлдирди. Шунингдек, 250 нафар гаровга олинган шахс Ғазо секторига олиб кетилган. Кейинчалик улардан баъзилари алмашинув асосида қайтарилган, бир қисми эса ҳалок бўлган.

Исроил жавобан ҲАМАСга уруш эълон қилди. Қуруқликдаги амалиёт ва бомбардимонлар оқибатида Ғазо секторида 68 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 170 мингдан зиёди яраланган. 

13 октябр куни Шарм аш-Шайхдаги халқаро «тинчлик саммити»да Ғазо секторида оташкесим тўғрисида декларация имзоланди. У ерда оташкесим кучга кирди, ЦАҲАЛ яқинда жанглар бўлган ҳудуднинг тахминан ярмидан қўшинларни чиқарди. Исроил қарийб 2 минг фаластинлик маҳбусни озод қилди. ҲАМАС жангчилари эса охирги тирик гаровга олинганларни қайтарди, аммо ҳали ҳам айрим марҳумлар жасадларини ушлаб турибди.

Оташкесим шартларига кўра, ҲАМАС қуролини топшириб, Ғазо секторидаги ҳокимиятни тарк этиши лозим. Бироқ жангчилар қурол топширмаяпти ва сиёсий рақибларини судсиз қатл этиш ҳолатларини содир этмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид