Таълим | 12:46 / 29.10.2025
57454
2 дақиқада ўқилади

Мактабларда дарс соатлари тақсимоти бўйича янги тартиб тасдиқланди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарорига мувофиқ, умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ва тарификация тартиби янгиланди. Ҳужжат Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Фото: Kun.uz 

Дарс соатлари сеткаси мактаб педагогик кенгаши томонидан 2 иш куни ичида кўриб чиқилади. Соатлар ҳар йили 15 сентябргача ўқитувчилар ўртасида устуворлик кетма-кетлиги асосида тақсимланади.

Педагогик кенгаш заруратга кўра қайта тақсимлаш қилиши мумкин. Бошланғич синфларда соат беришда ўқитувчининг бошланғич таълим мутахассислиги ёки методикаси бўйича таълими инобатга олинади.

Устуворлик кетма-кетлиги:

  • олий малакали ўқитувчилар (амалдаги аттестация сертификатига кўра);
  • фани бўйича миллий/халқаро сертификатга эга ўқитувчилар (сертификат даражаси ва муддатига кўра);
  • биринчи малакали ўқитувчилар;
  • иккинчи малакали ўқитувчилар;
  • олий маълумотли, тоифасиз ўқитувчилар;
  • қайта тайёрлаш дипломига эга ўқитувчилар;
  • ўриндошлик асосида ишловчи олий маълумотли ўқитувчилар;
  • ОТМнинг педагогика йўналиши 3-курс ва ундан юқори талабалари;
  • олий маълумотли кадрлар келгунича — ўрта махсус/профессионал маълумотли (фақат бошланғич синфлар);
  • олий маълумотли кадрлар келгунича — мактабнинг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимлари.

Мактаб маъмурияти дарс сеткасини шакллантиради, педагогик кенгаш 48 соат ичида кўриб чиқади. Тақсимот қарори 15 сентябрга қадар қабул қилиниб, ўқитувчиларга маълум қилинади. Ўқув йили давомида кадрларда ўзгариш бўлса, педагогик кенгаш қайта тақсимот қилиш ҳуқуқига эга.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид